Беш мамлакат Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолашди
https://parstoday.ir/uz/news/iran-i36951-Беш_мамлакат_Каспий_денгизининг_ҳуқуқий_мақоми_тўғрисидаги_конвенцияни_имзолашди
12 август куни 20 йиллик муҳокамалардан сўнг Россия, Эрон, Озарбойжон,Қозоғистон ва Туркманистон президентлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолашди.
(last modified 2018-08-22T17:56:23+00:00 )
август 13, 2018 17:29 Asia/Tashkent
  • Беш мамлакат Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолашди
    Беш мамлакат Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолашди

12 август куни 20 йиллик муҳокамалардан сўнг Россия, Эрон, Озарбойжон,Қозоғистон ва Туркманистон президентлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолашди.

Ҳужжатга мувофиқ, ҳар бир мамлакат 15 денгиз милидан ортиқ бўлмаган кенгликда Каспийдаги ўз ҳудудий сувлари чегарасини ўрнатади. Денгиз сув сатҳининг асосий майдони умумий фойдаланувда қолади, денгизнинг туби ва ерости бойликларини Каспийбўйи мамлакатлари ўзаро бўлишиб олади. Қайд этилишича, ушбу конвенция Каспий денгизида бегона мамлакатларнинг қуролли кучлари бўлишини тақиқлайди.

«Ҳужжат Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Эроннинг Каспий мақоми бўйича нуқтаи назарларини бир нуқтага келиштирди. Соҳилбўйи мамлакатларининг бу борадаги баҳс-мунозаралари 22 йилдан бери давом этиб келаётган эди», — дейилади «Интерфакс» ахборотида. Совет даврида Каспий денгизининг мақоми СССР ва Эрон ўртасидаги келишув асосида тартибга солинган.

Совет Иттифоқи парчаланиб кетгач, Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркманистон ҳам денгизга чиқиш йўлига эга бўлди. Каспий бўйи мамлакатлари ўртасидаги музокаралар 1996 йилда бошланган. Ўтган давр мобайнида беш мамлакатнинг ҳар бири учун ўз акваторияси чегараларини белгилаш, шунингдек, денгиз тубидан қувурлар ўтказиш масаласи баҳсли бўлиб қолаётган эди.