Бугун Имом Мусо Козим (а) шаҳодати кунидир
Бугун ҳижрий-қамарий ражаб ойининг 25-куни, (мелодий ҳисоб билан 2019 йилнинг 1 апрел кунига тӯғри келади) дунё шиаларининг 7-имоми --Имом Мусо Козим (а) шаҳодати кунидир.
Ҳижрий-қамарий 183-йил ражаб ойининг 25-куни Расули акрам (с)нинг пок невараларидан бири Имом Мусо Козим алайҳиссалом шаҳодатга етказилди.
Имом Мусо Козим алайҳиссалом ҳижрий-қамарий 128-йил Макка ва Мадина шаҳарлари орасидаги Абвоъ минтақасида дунёга келдилар. 20 ёшларигача падари бузрукворлари Имом Жаъфар Содиқ алайҳиссалом наздида таълим-тарбия олдилар. Оталари вафотидан сӯнг 35 йил давомида мусулмонларга имомлик ва пешволик масъулиятини зиммага олдилар.
Имом Мусо Козим алайҳиссалом замонасида Аббосийлар сулоласининг ҳокимлари аҳли байтга нисбатан жабр-зулмни ҳаддан оширган эдилар.
Имом Мусо Козим алайҳиссалом исломий билим ва маърифатни тарқатиш билан биргаликда жабр-зулм воситаси бӯлган аббосийлар ҳукуматига қарши курашдилар. Охир-оқибат салтанатининг инқирозидан хавотирланган Ҳорун ар Рашид Имом Мусо алайҳиссаломни зиндонга ташлади. Ул ҳазрат зиндондалик чоғларида ҳам мусулмонларнинг пешвоси сифатида даъват ишларини давом эттирдилар. Ва ниҳоят Ҳорун ар Рашид фитнаси билан заҳарланиб, шаҳодатга етдилар.
Имом Мусо Козим алайҳиссаломнинг шаҳодат кунлари муносабати билан барча мусулмонларга тасаллият изҳор қилиб, ҳикматга йӯғрилган табаррук насиҳатларидан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз: "Аллоҳга яқинлашишнинг энг яхши воситаси унга иймон келтиришдан кейин намоз, ота-онага яхшилик қилиш, ҳасад, манманлик ва кибр-ғурурдан воз кечишдир".