Эрон халқининг бирдамлиги ва бегоналарга алданмаслик руҳи
(last modified Wed, 11 Dec 2019 13:17:04 GMT )
декабр 11, 2019 18:17 Asia/Tashkent
  • Эроннинг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган Озарбайжон минтақаси мамлакатнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
    Эроннинг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган Озарбайжон минтақаси мамлакатнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Эрондаги турли қавм ва мазҳаб издошлари ӯзларини  энг аввало эронлик деб билишлари ва барча талабларини миллий манфаат доирасида изҳор қилишларини қайта-қайта исбот қилишган.

Эрон қадимий маданият, жасур ва фидоий, айни пайтда фаҳм-фаросатли халққа эга бӯлган мамлакатдир. Бир неча минг йиллик тарихи давомида бу мамлакат кӯплаб аччиқ-ширин ҳодисаларнинг гувоҳи бӯлган. Аммо иқтидорли халқ уларнинг барчасини чидам ва бардош билан бошидан кечирган. Кейинги бир аср давомида Эрон анчайин ривожланиб, айниқса, сӯнгги  қирқ йил ичида тараққиётнинг анчайин юксак чӯққиларини забт этди.

1946 йилнинг 12 декабр куни Эроннинг ҳудудий яхлитлиги ва бирдамлигига тажовуз ниятида ӯйлаб топилган фитна бартараф этилди. Бу фитна асосида Эрон тупроғининг бир қисми Шӯролар ҳукумати ихтиёрига ӯтказилиши кӯзда тутилган эди.

Фитнага  Иккинчи Жаҳон Урушининг бошларида асос солинди. Эроннинг бетарафлигига қарамай, Англия ва Россия каби иттифоқчилар Эрон тупроғига бостириб киришди. Бу пайтда Россия фашизм Германияси билан урушар, иттифоқчилари эса Эрон орқали унга озиқ-овқат ва қурол-яроқ етказиб беришарди.

Иттифоқчиларнинг бу ҳужуми натижасида Эронда жуда кӯп вайронагарчилик ва қаҳатчилик вужудга келди. Аммо иттифоқчиларнинг Эрон орқали етказган кӯмаги натижасида Россия фашизм Германияси устидан ғалаба қозонди.

1943 йил Теҳронда бӯлиб ӯтган Иттифоқчи мамлакат бошлиқларининг конференсиясида СССР ва Англия Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан сӯнг олти ой давомида қӯшинларини Эрондан чиқариш ваъдасини беришади.

1945 йилнинг 2 сентябр куни бу шафқатсиз уруш тугагач, Англия ӯз қӯшинларини Эрондан олиб чиқди, аммо СССР Эронни ишғол қилишдан воз кечмади. Иосиф Сталин бошчилигидаги СССР Эроннинг шимолидаги нефт захираларини эгаллаш ва Озарбайжонни Эрондан ажратиб олишни кӯзлаган эди.

Эроннинг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган Озарбайжон минтақаси мамлакатнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

СССР бу мақсадига эришиш учун ӯзининг Эрондаги гумашталари орқали Саййид Жаъфар Пешаҳвари бошчилигидаги “Озарбайжон демократик фирқаси” ташкилотини вужудга келтирди. Бу фирқанинг асосий мақсади Озарбайжон минтақасида миллатчилик ғояларини илгари суриб, бу минтақа учун  автономия талаб қилишдан иборат эди.

Бу даврда марказий ҳокимиятнинг салоҳиятсизлиги, ҳамда уруш натижасида вужудга келган иқтисодий қийинчиликлар  сабабли халқнинг тирикчилиги жуда оғир эди. “Озарбайжон демократик фирқаси” вазиятдан фойдаланиб, халқнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган баландпарвоз шиорлар эълон қила бошлади.

Таъсис этилишидан кӯп ӯтмай бу фирқа СССР қутқуси билан Озарбайжон минтақасидаги давлат идораларига ҳужумлар уюштириб, шаҳарларни босиб ола бошлади. Бу фирқа 1945 йилнинг охиригача Озарбайжон минтақасини тӯлиқ ӯз тасарруфига киритди. Улар ӯзларича давлат ва парламент тузиб, Озарбайжонни Эрондан ажралганини эълон қилишди. Сталин ҳам қӯшинларини Эрондан чиқармаслигини таъкидлаб, билвосита бу фитнани қӯллаб-қувватлаб турди.

Собиқ СССРнинг мустабид раҳбари Сталин

СССР қизил армияни Эрон тупроғидан олиб чиқмагач, Эрон БМТнинг Хавфсизлик Кенгашига шикоят қилди. Аммо СССР Хавфсизлик Кенгашининг асосий аъзоси эканлиги сабабли Эроннинг шикояти натижасиз қолди. Шундан сӯнг бош вазир Қаввом музокара ӯтказиш учун Москвага борди. У СССР раҳбарлари билан музокара қилди. Ватанга қайтгач,  СССРнинг Эрондаги элчиси Иван Садчиков билан музокараларини давом эттирди. Натижада Қаввом-Садчиков шартномаси имзоланди.

Бу шартномага кӯра Эрон-СССР муштарак нефт ширкати ташкил қилиниши, бунинг эвазига бир ярим ой мобайнида Москва ӯз қӯшинларини Эрон ҳудудидан олиб чиқиши лозим эди. Шунингдек,  Шӯролар ҳукумати Озарбайжонлик айирмачилар кӯтариб чиққан масала Эроннинг ички иши эканлиги ва бу масаланинг тинч йӯл билан ҳал қилиниши лозимлигини тан олди. Шундай қилиб, СССР раҳбарлари ӯз гумашталари бӯлган Озарбайжонлик айирмачиларни ёлғиз қолдиришди.

“Озарбайжон демократик фирқаси”нинг бир гуруҳ аъзолари.

СССР армияси чиқарилгач, 1946 йилнинг декабр ойида Эрон Армияси Парламент сайловлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Озарбайжон минтақасига кириб борди. Издошларига сӯнгги нафасгача қаршилик кӯрсатиш буйруғини берган “Озарбайжон демократик фирқаси” раҳбарлари СССР юборган машиналарда бу мамлакатга қочиб кетишди.

Армия кириб келгунича минтақанинг ватанпарвар аҳолиси “Озарбайжон демократик фирқаси” хиёнаткор гуруҳининг кӯпгина раҳбарларини қӯлга олиб, муҳим марказларни уларнинг қӯлидан тортиб олишди.

Озарбайжон минтақасини Эрондан ажратишга уриниш фитнаси ва унинг барбод этилиши бегоналарнинг қутқусига учиб,  бирор-бир ғаразли мақсадни амалга оширишни ӯйлайдиганлар учун ибрат намунасидир.

Эронда жуда кӯп миллат ва элатлар яшайди. Шу сабабли мамлакат душманлари уларнинг ӯртасига низо солишга ҳаракат қилишади. Аммо ватанпарвар ва фидоий Эрон халқи уларни қӯллаб-қувватламагани сабабли доимо орзулари саробга айланади.

Шу сабабли Эрон халқининг бирдамлиги, ватанпарварлиги ва бегоналарга алданмаслик руҳиясини бу улуғ мамлакатнинг асрлар давомидаги шонли тарихи  рамзи деб айтиш мумкин.