Эрон Ташқи ишлар вазирининг Москвага ташрифи
Эрон-Россия стратегик муносабатларининг аҳамиятига бир нигоҳ
Эрон Ислом Жумҳурияти Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён сешанба куни кечқурун Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таклифига биноан юқори мартабали делегация бошчилигида Москвага келди.
Ташриф чоғида Эрон Ташқи ишлар вазири Россия расмийлари билан учрашиб, икки томонлама муносабатлар ва минтақадаги энг муҳим воқеаларни муҳокама қилади.
Учрашув шундай вазиятда амалга оширилмоқдаки, Жанубий Кавказ ва Афғонистондаги ҳозирги воқеалар, терроризм ва босқинчиликларга қарши курашиш ва умумий таҳдидларга қарши умумий манфаатларни ҳимоя қилиш учун стратегик ҳамкорлик доирасида Эрон ва Россия ўртасида маслаҳатлашувлар аҳамиятини икки баравар оширди.
Эрон ва Россия минтақада барқарорлик ва хавфсизликни сақлашнинг фаол ва самарали иштирокчилари сифатида кенг кўламли икки томонлама, халқаро ва минтақавий масалалар бўйича ҳамкорлик қилиш ва кўп томонламалик тамойилини кучайтиришга бел боғлаган. Бугунги Москвадаги музокаралар ҳам шу мақсадга қаратилган.
Эрон Ислом Жумҳурияти Ташқи ишлар вазири Москвага келганидан кейин журналистларга бир неча масалани эслатди. Вазирга кўра, Эрон Россия расмийларидан минтақадаги мумкин бўлган чегара ўзгаришларига ва минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка қарши бўлган террорчилар ва сионистик режимнинг фаолиятига эътиборли бўлишларини кутади.
Шу боис, Эрон ва Россия ўртасидаги стратегик муносабатларнинг яна бир муҳим жиҳати бу муносабатларнинг Американинг бир томонлама қарашларига қарши самарадорлигидир. АҚШнинг Ғарбий Осиёга ҳарбий аралашуви минтақада беқарорлик ва ишончсизликни келтириб чиқарди. Эрон ва Россиянинг биргаликдаги стратегияси Ғарбнинг бир томонлама ёндашувига қарши кўп томонламалик тамойилини кучайтириш ва ривожлантиришдан иборат. Энди Ғарбий Осиёдаги хавфсизлик ҳолати ва кучлар мувозанати ўзгарди. АҚШ қўшинларининг Афғонистондан шармандали олиб чиқилиши ҳам бу ўзгаришнинг бир белгисидир. Бу жараёнда минтақа халқларининг АҚШ аралашувидан нафратланиши ва АҚШ ҳарбий қудратининг пасайиши, Эрон, Россия, Хитой каби қудратли ва мустақил давлатлар иштирокида минтақавий мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг кучайтирилиши каби минтақавий компонентлар ва омиллар муҳим рол ўйнади.
Эксперт ва сиёсатшунос Исмоили Ардаконийнинг фикрича, Эрон ва Россия бир-бирига ёрдам бериш орқали иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш орқали Вашингтон мақсадларини барбод қилишиларига ишонишади. Шу билан бирга, АҚШнинг сиёсий, хавфсизлик ва иқтисодий соҳаларда ўзбошимчаликларига қарши кураш, бошқа халқаро масалаларда АҚШнинг хулқ-атворини ўзгартириш зарурлиги тўғрисида келишувга йўл очиши мумкин.
Россия Президенти Владимир Путин яқинда Эрон Ислом Жумҳурияти Президенти Саййид Иброҳим Раисий билан телефон орқали мулоқотда Эрон билан алоқаларни ривожлантириш Россия учун катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, икки томонлама ҳамкорлик тўғрисида кенг қамровли битим тузиш таклифини маъқуллаши ва қўллаб-қувватлашини айтди.
Россиянинг Эрон ядровий келишувидаги роли ва унинг тинч атом дастурларида иштироки, Эроннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Евросиё Иқтисодий Иттифоқига доимий аъзо бўлиши, икки давлатнинг "Шимолий-Жанубий йўлак" деб номланган савдо йўлини ривожлантиришдаги ҳамкорлиги, икки томонлама ва кўп томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланишига замин яратган соҳалардир.
Ўзаро муносабатларнинг бундай даражаси ҳар икки томоннинг барча сиёсий-иқтисодий имкониятлардан максимал даражада фойдаланиш ва умумий таҳдидларга қарши коллектив хавфсизлик учун доимий маслаҳатлашувларни талаб қилади.
Эрон Ташқи ишлар вазирининг Москвага ташрифининг аҳамияти ва Теҳроннинг Россия расмийлари билан стратегик музокаралардан кутилмаларини шу мақсадларга мувофиқ баҳолаш лозим.