Эрон зилзила оқибатида бир гуруҳ Афғонистон фуқароларининг ҳалок бўлганидан таассуф билдирди
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳирот зилзиласида бир гуруҳ афғон фуқароларининг ҳалок бўлганидан таассуф изҳор этиб, бу мамлакатнинг қўшни, дўст ва мусулмон халқи ва Толибон муваққат ҳукуматига ҳамдардлик билдирди.
Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Каньоний ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб, ушбу ҳодисада жароҳат олганларга сиҳат-саломатлик ва тезроқ соғайиб кетишларини тилади:"Эрон Ислом Республикаси ўзини азиз Афғонистон халқига ҳамдард ва тарафдор деб билади".
Шанба куни эрталаб Афғонистоннинг катта ҳудудларида эрнинг ички тўлқинлари (Рихтер) шкаласи бўйича 6,3 магнитудали зилзила содир бўлди.
Бу зилзила маркази Афғонистоннинг шимоли-ғарбидаги Ҳирот шаҳри атрофида бўлиб, бу ер силкинишининг чуқурлиги 10 км.ни ташкил қилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз ҳисоботида ушбу зилзила қурбонлари сонини 320 дан ортиқ киши деб эълон қилди.
Ушбу зилзила кучли бўлганки, у Эрон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида сезилган.