Ироқчи: Эрон минтақада қаршӣ томоннинг ҳарбий жойлашувидан қўрқмайди
-
Ироқчи: Эрон минтақада қаршӣ томоннинг ҳарбий жойлашувидан қўрқмайди
Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири мамлакат ҳарбий таҳдидлардан қўрқмаслигини таъкидлар экан, шундай деди: Эрон ҳам дипломатия ва мантиқ тарафдори, ҳам мудофаа тайёргарлигига эга, шу боис ҳеч бир томон Эрон халқига урушни мажбуран юклашга журъат қилмаслиги керак.
«Сайид Аббос Ироқчи» — Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири якшанба куни “Эрон Ислом Республикасининг ташқи сиёсат бўйича миллий конгресси”да сўзлаган нутқида мамлакат ташқи сиёсатининг асосий тамойилларига тўхталиб, шундай деди: бугун минтақада қаршӣ томоннинг ҳарбий жойлашуви биз учун қўрқув уйғотмайди, чунки Эрон Ислом Республикаси дипломатияга содиқ бўлган ҳолда, етарли мудофаа ва тийиб туриш салоҳиятига эга.
Ироқчи Эрон Ислом Республикасининг ташқи сиёсати Эрон халқи мустақилликка интилишига бориб тақалишини қайд этиб, қўшимча қилди: Ислом инқилобининг марказий шиори — “Мустақиллик, озодлик, Ислом Республикаси” — инқилобдан олдинги даврларда хорижий аралашувлар ва ҳақиқий мустақилликнинг йўқлиги билан боғлиқ аччиқ тарихий тажрибанинг маҳсули эди. Ана шу тажриба Эрон халқини ҳақиқий мустақилликни талаб қилишга етаклади.
Эрон ташқи сиёсат идораси раҳбари мамлакат Конституцияси тамойилларига ишора қилиб, шундай деди: бўйсунувни рад этиш ва хорижий таъсирнинг олдини олиш Эрон Ислом Республикаси тузумининг асосий устунларидан ҳисобланади ва ушбу тамойилни англамасдан туриб, Эрон ташқи сиёсатининг сўнгги 47 йилдаги йўналишини тушуниш мумкин эмас.
Эрон ташқи ишлар вазири мамлакатнинг тинч мақсадларга қаратилган ядровий дастурини айнан шу мустақилликка асосланган ёндашувнинг ёрқин намунаси деб баҳолаб, таъкидлади: Эроннинг уран бойитишга қатъий туриши нафақат техник ва ривожланиш эҳтиёжларига таянади, балки хорижий кўрсатма ва ҳукмронликни қабул қилмаслик тамойилидан келиб чиқади. Ҳеч бир давлат Эронга нимага эга бўлиши ёки бўлмаслиги кераклигини айтириш ҳуқуқига эга эмас.
Ироқчи Эрон ядровий дастурининг тинч хусусиятига ишонч ҳосил қилишнинг ягона йўли дипломатия эканини таъкидлаб, шундай деди: дипломатик бўлмаган вариантлар синовдан ўтган ва самара бермаган; билим ва технологияни бомбардимон қилиш орқали йўқ қилиб бўлмайди.
Эрон ташқи ишлар вазири сўзининг якунида қуйидагиларни қайд этди: Эрон Ислом Республикаси ҳам дипломатия тарафдори, ҳам мудофаа жиҳатдан тайёр. Агар ҳурмат тилида сўзланса, ҳурмат билан жавоб берилади, аммо куч ишлатиш тили танланса, Эрон ҳам унга мутаносиб равишда жавоб қайтаради.