Туркия Қозоғистонни дўст давлат сифатида жиддий огоҳлантирди
Туркия ҳукумати Қозоғистон томонидан мамлакат ҳудудидаги Фатҳуллоҳ Гуленга алоқадор мактаблар борасида аниқ қарор қабул қилинишини кутмоқда.
Кун сайтининг хабарига кўра, бу ҳақда Туркиянинг Қозоғистондаги элчиси Невзат Уяник маълум қилди.
"Бу давлат тўнтаришига уринишдан кейин биз қозоғистонликлар томони зудлик билан бу исён ташкилотчиси бўлган Фатҳуллоҳ Гулен таъсиридаги ташкилотларга нисбатан қатъий чоралар кўришини кутамиз", деган у.
"Биз ўз мамлакатимиздаги таҳдидни кўрдик ва ўзимизга дўст мамлакатларни бундай таҳдиддан огоҳ этиш - бурчимиздир", дея қайд этган элчи.
Элчининг фикрича, айни вақтда Қозоғистонда Туркия билан боғлиқ бир қатор таълим муассасалари мавжуд. Жумладан, Туркистондаги Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети расмий Анқаранинг қўллаб-қувватлови билан фаолият кўрсатмоқда.
У Қозоғистондаги шу университетдан бошқа таълим муассасалари, жумладан "қозоқ-турк лицейлари" ҳамда "қозоқ-турк мактаблари" "Туркия давлат органлари билан алоқадор эмаслиги"ни маълум қилган.
Бундан олдинроқ, Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли радиодаги чиқиши орқали Қирғизистон ҳукуматининг Гулен ва унинг тарафдорларига бўлган муносабатини ўзгартириши кераклигини, акс ҳолда "Туркия ва Қирғизистон муносабатлари ўзгариши мумкинлиги" ҳақида айтганди.
Шундан кейин Қирғизистон томони Туркияни таҳдид қилишда айблади. Туркия эса Қирғизистоннинг халқаро ташкилотларга, жумладан БМТга аъзолик бадалини тўлашни тўхтатди.