Ўзбекистон ва Россия божхона хизматлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Россия божхона хизматлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди
Спутник сайтининг Ўзбекистон Божхона қўмитасига таняиб хабар қилишича, Божхона қўмитасида Россия Федерал божхона хизмат раҳбари Валерий Пикалёв бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Икки томонлама учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасида ташқи савдо юклари учун жорий қилинган "Соддалаштирилган божхона йўлаги" тамойилини янада такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
“Томонлар бир-бирларининг ваколатли иқтисодий операторлари учун назарда тутилган қулайликлар ва енгилликларни кенг миқёсда татбиқ этиш, божхона лабораториялари томонидан ўтказиладиган экспертиза жараёнларини методологик жиҳатдан мувофиқлаштириш, кинология соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишди”, — дея қайд этилган хабарда.
Россия божхона хизмати делегацияси Божхона расмийлаштируви маркази ва Марказий божхона лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишишди.
“Ўзбекистонда божхона органлари фаолиятини рақамлаштириш ва тартиботларни соддалаштириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар ва эришилган натижалар меҳмонларда катта таассурот қолдирди”, — дейилади хабарда.
Делегация аъзолари Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Яллама” чегара божхона постида бўлишди.