Назарбоев ваколатларининг бир қисмидан воз кечди
(last modified Thu, 26 Jan 2017 07:47:46 GMT )
Январ 26, 2017 12:47 Asia/Tashkent
  • Назарбоев президентлик ваколатларининг
    Назарбоев президентлик ваколатларининг

Назарбоев президентлик ваколатларининг аксарият қисмини вазирлар маҳкамаси ва бошқа ижроия органларига топширишини маълум қилди

ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Қозоғистон президенти чоршанба куни республика телеканаллари орқали махсус мурожаат билан чиқди. У ижтимоий-иқтисодий жараёнларни бошқариш бўйича президентлик ваколатларининг аксарият қисмини вазирлар маҳкамаси ва бошқа ижроия органларига топширишини маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Қозоғистон.

У кучли президентлик бошқаруви "давлатчиликни ташкил этишдаги улкан қийинчиликларни енгиб ўтиш учун зарур бўлганлигини ва бу айни вақтга келиб ўзини оқлаганлигини" билдирди. Бироқ, деди Назарбоев, бугунги кунда дунё "кўз олдимизда ўзгармоқда, Қозоғистонда ҳам ижтимоий жараёнларнинг тезлиги ва такомиллашиши жадаллашмоқда". Шунинг учун ҳозир "тарих олдимизга қўяётган" глобал ҳудудий чақириқларга қандай жавоб бериш ҳақида ўйлаш лозим.Таклиф қилинаётган ислоҳотлар мазмуни ҳукумат ваколатларини тақсимлаш, сиёсий тизимни демократлаштиришдан иборат. Президент учун янгича шароитларда стратегик вазифалар, ҳокимият бўғинлари орасидаги муносабатларда олий ҳакамлик устуворлик касб этади. Давлат раҳбари шунингдек, ташқи сиёсат, миллий хавфсизлик, мамлакат мудофаасига эътибор қаратади.

Ҳукумат ва парламентнинг роли эса кучаяди. Мазкур вазифа икки асосий йўналишда амалга оширилади. Қонун бўйича президентга берилган ижтимоий-иқтисодий жараёнларни бошқариш ваколатларининг бир қисми ҳукумат ва бошқа ижроия органларига берилади. Бу соҳа учун ҳукумат, вазирликлар, ҳокимликлар тўлиқ жавобгар бўлади. Ваколатлар мавжуд қонунларга ўзгартиришлар киритиш орқали президентдан ҳукуматга ўтказилади."Мен президент эгаллаб турган ваколатларнинг сезиларли қисмидан онгли равишда воз кечмоқдаман. Буни ягона мақсадда: мамлакатда янада самарали, мустаҳкам, замонавий бошқарув тизимини яратиш мақсадида қилмоқдаман. Қозоғистон қайси йўлдан боради, деган саволга ислоҳотлар дастури жавобимиз бўлади. Жавобимиз эса аниқ — демократик тараққиёт йўлидан боради", — деди Назарбоев.