Россия ва Тожикистон президентлари Россиянинг 201-ҳарбий базаси тақдирини ҳал қиладилар
Россия ва Тожикистон президентлари Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон Путиннинг Тожикистонга ташрифи вақтида бу мамлакатдаги Россиянинг 201-ҳарбий базасининг келгуси жойлашишини муҳокама қилишади. Бу ҳарбий база Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим омили ҳисобланади, деб айтди Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков.
Ушаковнинг айтишича, етакчилар музокаралар вақтида долзарб халқаро масалалар ва БМТ, КХШТ, ШҲТ ва МДҲ каби кўп томонлама тузилмалардаги ўзаро ҳаракатлар истиқболларига тўхталиб ўтишади.
"Россия томонидан Айний аэродромининг ижараси масаласи яна бир кўтарилади, Тожикистон эса 2012 йилдаги келишувларга кўра ҳарбий техниканинг тезроқ берилишига эришишга ҳаракат қилади. Тожикистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши масаласи, эҳтимол, бу техниканинг берилиши ёки Душанбега фойдали бошқа шартлар ортида кўриб чиқилади", деб ҳисобламоқда тожикистонлик мутахассис Нурали Давлатов.
Бу орада Ушаковнинг айтишича, Путин Душанбега ташрифи вақтида икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчиликнинг мустаҳкамланишига қўшган ҳиссаси учун Раҳмонга Александр Невский орденини топширади. Шунингдек, Тожикистон ташқи ишлар вазирига "Дўстлик" ордени топширилади.
Путин Душанбега 27 февралда келади. Расмий учрашув ва музокаралар 28 февралга белгиланган.
Путин президент лавозимида Тожикистонга 8 маротаба келган ва ҳар гал унинг ташрифи вақтида жиддий геосиёсий қарорлар қабул қилинган.