Атамбаев: "ИШИД" террорчилик гуруҳига қарши бутун мусулмон дунёси курашиши керак
Атамбаевнинг айтишича, агар Ғарб бугунги кунда у ёки бу давлатга ўз тартиб-қоидаларини сингдиришга ҳаракат қилмаса кўнгилдагидек бўлур эди
ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. "ИШИД" террорчилик гуруҳи йўқ қилинадиган тақдирда, унинг ўрнига янги террорчилик уюшмаси пайдо бўлади, шу боис исломий давлатлар ўз аҳолисига тараққиётнинг муқобил вариантини таклиф қилишлари лозим, деб таъкидлади Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев "Мир" телерадиокомпаниясига берган интервьюсида.
"Бу масала глобал ёндашувни талаб қилади. Энг биринчи навбатда, мусулмон дунёсининг ўзида бу ғояга қарши курашишларига эришиш лозим. Бир-икки йилда "ИШИД"ни йўқ қилиш мумкин, аммо ўйлашимча, унинг ўрнига бошқа аллақандай уюшма пайдо бўлади. Нега деганда, бугун исломий мамлакатларда одамларда бошқа танлов йўқлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз: бир томондан ўша давлатларда, фақат ўзи бойишни кўзлаган аллақандай монархия ёки авторитар режим ҳукм сураётган бўлади, бошқа томондан эса исломий социализм ёки умумий тенглик ғоясини таклиф қилаётган ИШИД террорчилик гуруҳига ислом халифалиги кўриниш бераётган бўлади", — деб қайд этган Атамбаев.
"Биз бугунги кунгача Ғарб одамларнинг менталитетини, у ёки бу давлат цивилизациянинг қайси босқичида турганини ҳисобга олмаган ҳолда ўз тартиблари, қадриятларини сингдиришга ҳаракат қилаётганини кузатмоқдамиз. Ироқ, Сурия ва Ливияда бугунги аҳвол мана шу суқилиш натижасидир. Менинг фикримча, ҳеч ким у ёки бу давлатга ўз қарашларини сингдиришга ҳаракат қилмаса яхши бўлур эди. Ҳар бир давлат биринчи навбатда ўзининг муаммолари билан шуғулланмоғи лозим", — дея фикр билдирган Атамбаев.