Қозоғистон президентининг Гулен ҳаракатига қарашли бўлган мактаблар ҳақидаги баёноти
(last modified Sun, 07 Aug 2016 07:15:02 GMT )
август 07, 2016 12:15 Asia/Tashkent

Қозоғистон президентининг Гулен ҳаракатига қарашли бўлган мактаблар ҳақидаги баёноти

     Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

     Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

     Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов  эътиборингизга ҳавола этаман.  

      Бугунги  суҳбатимиз "Қозоғистон президентининг Гулен ҳаракатига қарашли бўлган мактаблар ҳақидаги баёноти" мавзуига бағишланади.     

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

       Туркия давлатининг мухолифларига Қозоғистонда жой йўқ. Ушбу сўзлар Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Марказий Осиё мамлакатларида Фатҳуллоҳ Гулен ҳаракатига қарашли бўлган лицей ва мактабларни ёпиб қўйиш учун Туркия давлатининг талабига жавобан қилган баёнотининг бир қисми ҳисобланади. Туркияга сафар қилган Нурсултон Назарбоев матбуот конференциясидаги чиқишида шундай айтдики, Туркия учун таҳдид ҳисобланадиган шахслар учун Қозоғистонда жой йўқ бўлиб, Остона шу каби кишиларни ҳимоя қилмайди. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев турк мухолифи Фатҳулла Гулен билан алоқадор бўлиши мумкин бўлган мамлакатдаги барча қозоқ-турк мактабларини текширишга ваъда берди.  Унга кўра, агар ушбу мактаб ва лицейлар Гулен ҳаракати билан алоқаси бўлса, мазкур мактабларнинг ўқитувчилари ўз ишларидан четлаштирилади. Назарбоев Туркиядан келган ўқитувчиларнинг Гулен тузилмалари билан алоқадорликлари аниқланса, улар ортларига қайтарилишларини қўшимча қилди. Назарбоевнинг айтишича, агар мактабларда Туркия давлатига қарши бўлганлар аниқланса, уларга нисбатан кескин чоралар кўрилади. Гулен ҳаракати билан курашиш фақат Туркиянинг ўзи билан чекланмайди.

     Марказий Осиё ва Кафказ ҳамда жанубий ва шарқий Осиёдаги исломий юртларда Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги Хизмат ҳаракати маданий фаолиятларининг кенг кўламда кенгаётгани сабабли Анқара давлати ушбу давлатлардан мазкур ҳаракатга қарашли бўлган мактаб ва лицейлар фаолиятларини тўхтатиб қўйишларини талаб қилмоқда. Қозоғистон президенти Туркиядаги баёнотида, Қозоғистондаги қозоқ-турк мактабларида таълим сифатининг юқори даражада эканлиги ва қозоқ ўқувчиларининг сон жиҳатдан кўп эканлигига ишора қилиб, Туркия талабини ўрганиб чиқишни ва Гулен ҳаракатига боғлиқ бўлган мактаб ва лицей ўқитувчиларини эгаллаб турган вазифаларидан озод этилишини таъкидлади. Назарбоевнинг айтишича, ҳозирда Гулен ҳаракатига тегишли бўлган қозоқ-турк мактабларида 9 минг нафар ўқувчи таълим олади. Қозоғистондаги турк-қозоқ мактабларида таълим олаётган ўқувчиларнинг сони, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида шунингдек, Кафказ ҳамда жанубий Осиёдаги турк лицейларида таълим оладиган ўқувчилар сонидан кам эмас.            

      Энди эса, ҳамкоримиз сиёсий таҳлилчи Ҳайдар Мирзо мавзуга доир ўзининг фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга тақдим этади. Марҳамат.

      Сиз сиёсий таҳлилчи Ҳайдар Мирзонинг мавзуга доир фикрларини тингладингиз.

      Дастуримиз давом этади.

      Шуларнинг барчасига қарамай, Гулен мактаблари учун мезбон ҳисобланадиган давлатлар таълим ва молиявий имкониятларини ҳисобга олиб, Туркия давлатининг ушбу мактаб ва лицейлар фаолиятини тўхтатишга оид талабини қондириш масаласи осонликча кечмаслиги муқаррардир. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Қозоғистон президенти билан учрашган чоғида Фатҳуллоҳ Гулен билан алоқаси бор бўлган 33 та мактаб рўйхатини Назарбоевга тақдим этди. Лекин Қозоғистон президентининг Туркия етакчисига жавоби эҳтиёткорлик билан бўлди. Назарбоевнинг таъкидлашича, агар мазкур мактабларда ишлайдиган ўқитувчилар орасида террористлар борлиги аниқланса, Туркиянинг талаби ҳеч қандай шартсиз қабул қилинади.    

     Муҳтарам тингловчилар, "Таҳлилий эшиттириш"га ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.

     Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.