Ўзбекистон президенти БРИКС саммитида нутқ сўзлади
Шавкат Мирзиёев Қозонда бўлиб ўтган “БРИКС плюс” саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади.
Спутник сайтига кўра, Ўзбекистон президенти ўз сўзида бугунги кунда уруш ва можаролар сони ортаётганини афсус билан қайд этди.
“Жаҳон иқтисодиёти ва савдосининг парчаланиб бораётгани тенгсизлик, технологик узилишлар ва протекционизмни кучайтирмоқда. Мамлакатлар ўртасида янги тўсиқлар вужудга келмоқда”, – деди Шавкат Мирзиёев.
“Жаҳондаги бошқарув институтларини ислоҳ қилиш ҳамда “Жануб – Жануб” ва “Шимол – Жануб” форматларидаги масъулиятли мулоқотларни кенгайтиришнинг вақти келди, деб ҳисоблаймиз”, – деди Мирзиёев.
БРИКС мамлакатларининг глобал тенгсизлик ва иқтисодиётни инклюзив йўл билан қайта тиклаш муаммоларини ҳал этиш мақсадида ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фундаментал содиқлигини қўллаб-қувватлади.
Қуйидагилар маълум қилинди:
Ўзбекистон БРИКС сунъий интеллект бўйича Тадқиқот гуруҳининг қўшма лойиҳаларида иштирок этиш, ЮНИДО ҳузурида ташкил этилаётган Компетенциялар марказига, шунингдек, таклиф этилаётган Инвестиция платформасига қўшилиш ниятида.
Ўзбекистон БРИКСдаги шериклари билан биргаликда транспорт соҳасидаги боғлиқликни кучайтириш, янги трансконтинентал йўлакларни яратиш, етказиб беришнинг ишончли логистика занжирларини шакллантириш, каботаж ташувлар тизимини ривожлантириш борасида яқиндан иш олиб боришга тайёрлгарлик билдирилди.
Озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини бартараф этиш, соғлиқни сақлаш масалаларида ҳам ҳамкорлик қилиш муҳим экани қайд этилди.
Ўзбекистон раҳбари радикаллашув ва экстремистик ғояларнинг, аввало, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Яқин Шарқдаги можаро тобора кескинлашиб бораётгани, бу минтақа қўшни мамлакатлар ва йирик давлатларнинг бу можарога тортилиши билан глобал инқирознинг йирик ўчоғига айланиб бораётгани алоҳида ташвиш билан қайд этилди.
“Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди”, – деди Шавкат Мирзиёев.
“Исроил-Фаластин муаммосининг ягона ечими – “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўлиб қолмоқда”, – деди президент.
Мирзиёев Афғонистон муаммосига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, мамлакатни яккалаш эмас, балки Афғонистон халқига ва унинг амалдаги ҳокимиятига ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тинч қурилиш ва тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатиш умумий вазифа ҳисобланади.