Ўзбекистон президенти БРИКС саммитида доирасида Владимир Путин билан учрашди
Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрида Россия президенти Владимир Путин билан учрашди,
Спутник сайтининг Ўзбекистон давлат раҳбари матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, Ўзбекистон президенти БРИКС саммитида иштирок этаётган делегациялар раҳбарларини қутлаш маросимида қатнашди.
"Казань Экспо" халқаро кўргазмалар марказида давлат раҳбарини Россия Федерацияси президенти Владимир Путин кутиб олди.
Маросимда бир қатор мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этди. Тадбирдан сўнг тантанали қабул маросими ўтказилди.
Бугун "БРИКС плюс" форматидаги саммитнинг асосий йиғилиши бўлиб ўтади.
"Ўзбекистон етакчиси "БРИКС плюс" форматидаги саммитнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлайди", — дейилади хабарда.
Айтиш керакки, Шавкат Мирзиёевнинг Қозонга амалий ташрифининг биринчи куни самарали учрашувларга бой бўлди.
Ўзбекистон етакчиси Туркия президенти билан учрашди. Қайд этилишича, Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш бўйича долзарб масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрига ташрифи доирасида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашув ўтказди.
Шавкат Мирзиёев БРИКС саммити доирасида Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин ва Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан ҳам суҳбатлар ўтказди.
БРИКС саммити тадбирлари доирасида Шавкат Мирзиёев бирлашманинг Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русефни қабул қилди. Унда молиявий институт билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон президенти "Сбербанк" президенти ва бошқаруви раиси Герман Грефни ҳам қабул қилди. Учрашувда рақамли технологиялар, инновациялар ва таълим соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек Шавкат Мирзиёев Татаристон раиси Рустам Минниханов билан учрашув ўтказди. Ўзбекистон ҳудудларининг Татаристон билан ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.