Атамбоев Қирғизистон янги бош вазирини тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади
Исоқов билан бирга ҳукуматга Тўлқинбек Абдигулов (бош вазирнинг 1-ўринбосари), Темир Жумақодиров (хавфсизлик масалалари бўйича бош вазир ўринбосари), Артём Новиков (Иқтисодиёт вазирлиги), Улан Рисқулов (Давлат саноат, энергетика ва ер ости бойликларидан фойдаланиш қўмитаси) ва Нурбек Абасканов (Давлат алоқа қўмитаси)лар кириб келди. Дуйшанбек Зилолиев эса Олег Панкратовнинг ўрнини (иқтисодий масалалар бўйича бош вазир ўринбосари) эгаллади.
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев Сапар Исоқовни мамлакатнинг янги бош вазири этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар бермоқда Форс ахборот агентлиги.
Ҳукуматнинг аввалги раҳбари Сўронбой Жээбеков президентлик сайловларида иштирок этиш мақсадида муддатдан аввал истеъфога чиқиш ҳақида қарор қабул қилганди.
Сапар Исоқов Қирғизистон парламентининг навбатдан ташқари сессияси давомида бош вазир лавозимига тасдиқланган. Қирғизистон парламенти президент аппарати раҳбари Сапар Исоқов номзодини бош вазир лавозимига тасдиқлади. Мазкур қарор 90 нафар депутат томонидан қўллаб-қувватланди, 5 депутат унга қарши овоз берди. Шунингдек депутатлар янги кабинет таркиби ҳамда номзод тақдим этган дастурни ҳам маъқуллашди.
Таъкидлаш жоизки, собиқ бош вазир 21 август куни истеъфога чиқиш учун ариза ёзган. Шу куннинг ўзидаёқ Марказий сайлов комиссияси унинг номзодини президентликка рўйхатдан ўтказган.