Ӯзбекистон-Қирғизистон чегаралари очилади
(last modified Wed, 06 Sep 2017 14:26:23 GMT )
сентябр 06, 2017 19:26 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев ва Отамбоев
    Мирзиёев ва Отамбоев

Мирзиёев тез кунларда Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегаралари чекловларсиз борди-келди учун очилишини ваъда қилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида 5 сентябрь куни Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзоланди.

– Бу катта халқимизнинг орзу-ниятлари эди. Биз бу кунни 25 йил кутган эдик,- дедиЎзбекистон президенти чегара тўғрисидаги шартнома имзоланганидан сўнг.

"Дунё ӯзбеклари" интернет газетасининг ёзишича Мирзиёев тез кунларда Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегаралари чекловларсиз борди-келди учун очилишини ваъда қилди:

– Бугун 20-25 дақиқа қирғиз телевидениесини кўрдим. Унда одамлар “Наҳотки Ўзбекистон президентининг келиши билан мен яна Андижонга аввалгидай бориб келиш имкониятига эга бўламан? Наҳотки, бу иш амалга ошади?” деб гапиришаяпти. Мен сизларга жавоб бериб, шуни айтишни ҳоҳлардимки, ҳа, бу иш амалга ошади, -деб айтди.

 – Менинг Ўзбекистонга ташрифимгача, мен бу ташриф октябрь ойида бўлади, деб умид қиламан, бугун имзоланган шартномаларнинг амалга тадбиқ этилишини кўришимиз лозим. Шавкат Миромонович айтгандай, чегарадаги ўтказиш пунктлари максимал даражада очиқ бўлсин, ватандошларимиз кимнингдир ўлгани тўғрисидаги телеграммани кутмай, авваллари бўлганидай бемалол бир- бирлариникига меҳмонга борсин, -деди Атамбаев.

Мирзиёев Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши масаласига тўхталар экан, бу лойиҳани амалга ошириш жараёнини тезлаштириш учун Тошкент ҳам ҳаракат қилишини, бироқ бу лойиҳани амалга оширишдан олдин Андижон-Ўш-Эргаштом -Хитой автомобил йўлини қуриш долзарб бўлиб турганини таъкидлади.

Алмазбек Атамбаев муҳокама қилинган лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган норматив база ўзининг октябрда Тошкентга қиладиган ташрифигача тайёрланиб бўлинишига умид билдирди:

– Биз Ўшда мактаб қураяпмиз. Мен ўзим билан бу мактабнинг лойиҳасини олиб келдим. Бу мактаб бизнинг дўстлигимиз рамзи бўлиб хизмат қилади, -деган президент ўзбек ва қирғиз халқи жондош ва қондош эканини таъкидлади.

– Ўзбекистонда 300 минг қирғиз яшайди. Қирғиз тилида ўқитадиган 56 та мактаб бор, Андижон университетида қирғиз филологияси факультети ишлаб турибди. Мен туғилиб ўсган жойда миллати қирғиз бўлган 7 минг Ўзбекистон ватандоши яшайди. Мен улар билан бирга ўйнаб катта бўлганман. Қирғизлар орасида дўстларим кўп. Бизни қандай қилиб бир-биримиздан ажратиш мумкин? Ҳеч ким, ҳеч қандай йўл билан ажратолмайди, -деди Мирзиёев.

Атамбаев ўзининг Ўзбекистонга нисбатан сиёсатини Қирғизистоннинг янги президенти ҳам давом эттиришига ишонтирди

Қирғизистонда президентлик сайлови 15 октябрда бўлиб ўтади. Қирғизистон Конституциясига кўра, бир одам фақат бир марта президент бўла олади. Мазкур ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, Алмазбек Атамбаев бир неча ойдан сўнг ҳокимиятни янги президентга топширади.

 

Ёрлиқ