Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги можаро энди Жаҳон савдо ташкилотида кўрилади
Бу ҳақда Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артём Новиков журналистларга маълум қилди. Унинг айтишича, чегарадаги мураккаб вазият ўзгаришсиз қолмоқда. Автомобиллардан иборат навбат қисқармаяпти.
Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарада юзага келган муаммолар Жаҳон савдо ташкилотигача етиб борди. Бу ҳақда Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артём Новиков журналистларга маълум қилди. Унинг айтишича, чегарадаги мураккаб вазият ўзгаришсиз қолмоқда. Автомобиллардан иборат навбат қисқармаяпти. Шунингдек, Қирғизистонга киришда ҳам машиналар тўпланиб қолган.
“Қирғизистон бош вазири Тошкентда баёнот берди ва биз воқеаларнинг кейинги ривожини кутамиз. 10 ноябрда бизнинг масала Жаҳон савдо ташкилоти доирасида кўрилади. Биз Евросиё иқтисодий иттифоқи ва Евросиё иқтисодий комиссиясининг муносабатини кутмоқдамиз. Бироқ бизнинг мактубга ҳали жавоб берилмади. Биз Қозоғистон билан қардош давлатмиз ва ҳеч ким ЕОИИда бундай вазият юзага келиши мумкинлигини тахмин ҳам қилмаганди. Бундай масалаларнинг Жаҳон савдо ташкилоти даражасида компенсациялар тўланишигача ижобий ҳал қилинганига мисоллар мавжуд”, деб айтган Новиков.
Новиковнинг қўшимча қилишича, Қирғизистон-Хитой чегарасида муаммолар йўқ. Бу йўналишда сменалар алмашиш вақтида бироз навбат юзага келган, бироқ бу ҳолат тез орада бартараф этилган.