Қозоғистонда олиб борилган махсус амалиётлар давомида қирғизистонлик депутат қўлга олинди
Қозоғистонда қирғизистонлик депутат қўлга олинди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги махсус амалиёт вақтида Қирғизистон республикасининг фуқароси, парламент аъзоси Асилбек Дамирбек ўғли қўлга олингани ҳақида Қирғизистон давлати расмийларининг хабардор қилинганини маълум қилди.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз "Қозоғистонда олиб борилган махсус амалиётлар давомида қирғизистонлик депутатнинг қўлга олиниши”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Қозоғистонда қирғизистонлик депутат қўлга олинди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги махсус амалиёт вақтида Қирғизистон республикасининг фуқароси, парламент аъзоси Асилбек Дамирбек ўғли қўлга олингани ҳақида Қирғизистон давлати расмийларининг хабардор қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазирилиги матбуот хизмати котиби маълум қилган. Қозоғистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, мамлакатнинг чегараолди ҳудудларида контрабанда фаолияти билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳларга қарши курашишни кучайтириш, шунингдек, Қозоғистон миллий хавфсизлиги билан чегара соҳасини тартибга солиш ишларини амалга ошириш мақсадида бош прокуратуранинг коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси билан биргаликда Олмаота, Жамбул, Жанубий Қозоғистон вилоятлари ва Олмаота шаҳрида кенг кўламли махсус операция ўтказилган. Ушбу амалиётлар давомида 35 нафар гумонланувчи шахс қўлга олинган бўлиб, улар орасида божхона ва чегара хизматининг амалдорлари, брокерлар, ўртакашлар, шунингдек, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари мавжуд.
Қўлга олинганларнинг уч нафари Қирғизистон фуқаролари бўлган. Бундан аввалроқ Қирғизистон нашрлари ҳам, қўшни Қозоғистон ҳудудида олиб борилган махсус амалиётларда қўлга олинганлар ичида Қирғизистон Жокорку Кенеш депутати, Қирғизистон кураш федерацияси раисининг ўринбосари 37 ёшли Асилбек Дамирбек ўғли ҳам борлиги ҳақида хабарлар тарқатган эди. Қирғизистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаган. Қирғизистон томони Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари билан ушбу масалада ҳамкорлик қилишга розилик берган. Контрабанда маҳсулотлари Қозоғистонга тўғридан-тўғри Хитойдан, шунингдек, қалбаки ҳужжатлар ва божхонанинг яширин схемалари асосида Қирғизистон орқали олиб келинган. Гумонланувчилар чегара органлари ва божхона хизматининг турли лавозимларида фаолият юритади. Маҳсулотлар Қозоғистон ва Россиянинг йирик шаҳарларига юборилган. Марказий Осиё республикаларида чегара масаласига доир ихтилофлар собиқ иттифоқ давридаги марказлашган сиёсатлар ва қарорларга бориб тақалади. Дарҳақиқат, Марказий Осиё мамлакатларининг чегараларини белгилаш учун демаркация ва делимитация қилиш мавзуси, ушбу юртларнинг ўз истиқлолига эришганидан бери ҳанузгача бутунлай ҳал этилгани йўқ.
Шунингдек, ушбу масала юзасидан шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг чегарага оид муаммолари фақат чегараларни делимитация ва демаркация қилиш билан ёки бўлмасам бошқа шу каби муаммолар билан чекланиб қолмайди. Ўтган йили октябр ойларида Қирғизистон республикасининг олдинги президенти Қозоғистон давлатини Қирғизистон ички ишларига ва сайлов жараёнига аралашаётгани учун кескин танқид қилиб, айблаб чиққан эди. Шундан сўнг, икки давлат чегарасидаги вазият кескинлашди. Қозоғистон фитосанитар назоратни кучайтирди. Бунга Қирғизистоннинг аввалги президенти Алмазбек Атамбаевнинг вазифасидан кетишидан олдин мамлакатни блокада қилинишига сабаб бўлувчи айрим қадамларни ташлагани сабаб бўлган эди. У Қозоғистон раҳбариятига, қатор айбловлар қўйган. Аммо, Қирғизистоннинг янги президенти икки давлат ўртасидаги келишмовчиликларни барҳам бериш учун Қозоғистонга сафар қилди ва ушбу йўналишда қисман ижобий натижага эришгандек эди. Бироқ, Қирғизистон депутатининг Қозоғистонда қўлга олиниши ҳам, икки томоннинг ихтилофлари ҳали бери ҳал бўлмаганидан дарак бермоқда.
Воқеълик шундан иборатки, Марказий Осиё ва Кафказ минтақасидаги республикалар 1991 йилда мустақилликка эришганидан кейин ушбу давлатларнинг тепасида турган сиёсатчилар ўзаро ҳамкорлик қилишга монеълик қилаётган муҳим ишларга яъни чегара муаммоларига катта эътибор беришга ва ушбу йўналишдаги тўсиқларни бартараф этишга киришди. Марказий Осиё тадқиқотчиси Дирдра Тинан бу ҳақда шундай айтадики, ўтган 10 йил мобайни Марказий Осиё республикаларининг барчаси чегараларни белгилаш ва аниқлаш учун қизғин ва жадал музокаралар олиб боришди. Томонларнинг миллий ҳиссиётлари, чегара бўйича хавотирлари ва экологиядан ташвишлари яққол намоён бўлди. Ушбу мавзу собиқ совет иттифоқидан қолган муаммо эди. Лекин шундай бўлсада, мазкур жумбоқли масалаларни ижобий ҳал этиш учун жиддий саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Негаки, Марказий Осиё мамлакатларида чегара мавзусига доир муаммоларнинг батамом ҳал этилишидан, ушбу давлатларнинг барчаси бирдек манфаатдор бўлади. Айни пайтда Ўрта Осиё давлатлари, фуқароларнинг ўзаро борди келдиларини ва ҳаракатланишини янада осонлаштириш мақсадида, давлатлар чегараларида ўрнатилган виза режимини олиб ташлаш устида қизғин музокаралар олиб боришмоқда ва ушбу йўлда сезиларли натижаларни қўлга киритишди.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.