Генерал Дўстум ўз намояндасини зудлик билан озод қилишга чақирди
(last modified Wed, 04 Jul 2018 05:22:51 GMT )
июл 04, 2018 10:22 Asia/Tashkent
  • Генерал Дўстум ўз намояндасини зудлик билан озод қилишга чақирди

Афғонистон биринчи вице-президенти Фарёб вилояти хавфсизлигига масъул, деб билган намояндаси ҳибсдан қўйиб юборилмаса, оммавий намойишлар, бўлажак парламент ва президент сайловлари, ҳукумат барномаларининг чиппакка чиқиши мумкинлиги билан таҳдид қилди.

Генерал Дўстум кутилмаган ҳибс хусусида Туркиядан туриб расмий баёнот билан чиққан, бунинг "фитна экани" ва вилоят хавфсизлиги ёмонлашиб бораётган бир пайтда, "номақбул бир иш" эканини айтган.

Низомиддин Қайсорий кеча, 2 июль куни Афғонистон Мудофаа вазирлигининг махсус кучлари томонидан вилоят маркази Майманада қўлга олинган ва пойтахт Кобулга олиб кетилган.

Фарёб Афғонистоннинг шимолдаги стратегик жиҳатдан ўта муҳим ва Туркманистонга бевосита чегарадош вилояти бўлади.

Бошқа томондан, Фарёб Афғонистоннинг сўнгги йилларда хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жиддий издан чиққан иккита шимолий вилоятидан биттаси сифатида эътироф этилади.

Фарёб Афғонистоннинг қолган шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларига, таъбир жоиз, "кириш дарвозаси" саналади.

Низомиддин Қайсорий Афғонистон шимолидаги энг нуфузли ўзбек қўмондонларидан бири бўлади.

У марказий ҳукумат наздида Фарёб вилоятидаги бутун кўнгиллилар бўлинмасига етакчилик қилувчи қўмондон сифатида билинган. Бошқа бирор бир расмий мақомда бўлмаган.

Афғонистон биринчи вице-президенти, генерал Абдулрашид Дўстумнинг "Жунбуши Миллий Исломий" партиясининг аъзоси.

50 ёшларда бўлган Низомиддин Қайсорий ўн йилдан буён генерал Дўстумнинг Фарёбдаги норасмий намояндаси сифатида эътироф этиб келинган.

Унинг ҳибсга олиниши аллақачон қатор шимолий вилоятларда оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлган, минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг янада издан чиқишига оид хавотирларни пайдо қилган.

Сўнгги йилларда айнан Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги вазиятнинг жиддий ёмонлашгани, бу минтақаларда толиблардан ташқари, ИШИД жангариларининг ҳам фаоллашгани кузатилган.

Мавжуд вазият Марказий Осиё давлатлари, Россия ва Хитойнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Афғонистон президент саройи матбуот воизи Шоҳ Ҳусайн Муртазавийнинг маълум қилишича, Низомиддин Қайсорий Фарёб вилояти ҳокими ва аҳолининг шикоятлари асосида қўлга олинган.

Воизга кўра, у айни шу омиллар сабаб ҳибсга олинган ягона қўмондон эмас.

Муртазавийнинг баён қилишича, Қайсорийнинг ҳибси ортида бирор бир сиёсий ёки миллий важ йўқ.

Афғонистон Хавфсизлик кучларига кўра, қўмондон "мамлакат қонунларини оёқ-ости қилган, маҳаллий расмийлар, масъуллар ва аҳолига таҳдид қилган, уларга азият берган".

Айтишларича, Қайсорий яқинда Фарёбда бўлиб ўтган мажлисларнинг бирида давлат масъулларини "хоин", деб атаган.

Бундан бир ой бурун эса, "хавфсизлик заррача издан чиққудек бўлса", ҳарбийлар дохил Фарёб расмийларини "ўлдириш" билан таҳдид қилган.

Айни шу ҳодисадан қисқа вақт ўтмай, Фарёб вилояти ҳокими расман истеъфо берган, нега унинг кутилмаганда ўз вазифасидан кетишга қарор қилгани сабаби кенг жамоатчиликка номаълум қолган.

Маълум бўлишича, ҳали-ҳануз унинг ўрнига янги ҳоким тайин этилмаган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи Фарёбни собиқ ҳоким муовини бошқариб турган бир пайтда кузатилган.