Мирзиёевга «инсониятни йўқ қилиш»га ваъда берган роботни кўрсатишди
-
Остона
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун Қозоғистонга борди ва қўшни давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев ҳамроҳлигида «Остона» халқаро молия марказини бориб кўрди.
Президент матбуот хизмати Марказий Осиёнинг 3 давлати раҳбари бу ерда дунёга машҳур, одам сўзлаша олувчи робот — София олдида турган суратни эълон қилди.
Ҳонгконгдаги Hanson Robotics компанияси томонидан ясалган ушбу робот бир неча кунга Остонага келтирилган. Бу бу ақлли робот ўзи учун янги нарсаларни одамларнинг хулқидан келиб чиқиб ўрганади, одамларга мослашади, 62 хил эмоцияни ифодалай олади, инглиз тилида сўзлайди, бошини айлантира олади, суҳбатдошининг кўзига тик боқади. Ушбу робот соатига бир километр йўл боса олади ва бир қанча рақс ҳаракатларини бажара олади.
2016 йил март ойида тақдимот вақтида журналистлардан бири ундан ер юзидаги барча одамларни йўқ қилиш нияти бор ёки йўқлиги ҳақида сўраган. София бу саволга «Ҳа» деган жавоб қайтарган. Бир йил ўтгач, журналист саволни яна такрорлади. «Агар менга яхши муносабатда бўлсангиз, йўқ» дея жавоб берди робот. Кейинчалик, шу йилнинг апрелида эса АҚШ телевидениесидаги чиқишида дунёни эгаллаш истаги ҳақида ҳикоя қилганди. Бу робот 2017 йили Саудия Арабистони фуқаролигини олган ва қайсидир давлат фуқаролигини олган илк роботдир.