Ўзбекистонлик ҳарбийлар Тожикистонда қўшма машғулотларда қатнашади
-
Ўзбекистонлик ҳарбийлар
18–22 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Тожикистон Республикасининг тоғли ҳудудларида ўтказиладиган аксилтеррор қўшма ўқув машғулотларида қатнашади. Бу ҳақида Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилмоқда.
5 кун давомида Тожикистоннинг Сўғд вилоятида бўлиб ўтадиган ушбу машғулотларда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли бўлинмалар ва тезкор гуруҳлардан иборат 100 нафарга яқин ҳарбийлар, Тожикистон Республикасининг ҳарбий бошқарма органлари, шунингдек, Сўғд гарнизони бўлинмалари ва ҳарбий қисмлари ҳарбийлари иштирок этиши режалаштирилган. Жами икки мамлакатдан 600 нафарга яқин ҳарбийлар ҳамкорликда шартли душман кучларини йўқ қилиш бўйича тоғли оғир шароитлардаги машғулотларда қатнашади.
Ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари Тожикистоннинг «Чоррух-Дайрон» ўқув маркази ва «Нурафшон» полигонида ўтказилади.
16 сентябрь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳамкорликдаги аксилтеррор машғулотларида иштирок этиш учун Тожикистонга етиб боришди.