Азизов террорчиларга қарши курашда фаол бўлган тожикистонлик ҳарбийларни тақдирлади
ТОШКЕНТ, 22 сен - Sputnik. Ўзбекистон Мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов 21 сентябр куни Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги полигонда ўтказилаётган ҳамкорликдаги ҳарбий машғулотларни кузатиш учун Тожикистонда бўлди
Эслатиб ўтамиз, 18 сентябрдан 21 сентябрга қадар Тожикистоннинг сўзд вилоятидаги Чоррухдаррон полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлигида ҳарбий машғулотлар ўтказилди.
Ўзбекистон томонидан ушбу ҳарбий машғулотларда ҳарбийлар, оғир техника ва авиация сафарбар этилган.
Машғулот шартига кўра, дастлаб икки давлат ҳарбийлари ҳамкорлигида чегара яқинида аҳолини асир олган шартли террорчи кучларнинг жойлашган жойи учувчисиз учар аппаратлари воситасида аниқланган. Олинган маълумотлар асосида, уларни қўллаб-қувватловчи кучлар авиация ва артиллерия зарбалари орқали йўқ қилинган. Ўзбекистонлик десантчилар шартли душман келиши эҳтимолий йўналишига пистирма уюштирган. Жанговар техникалар воситасида ҳарбий хизматчилар тезкор ва аниқ ҳаракатланиб, аксилтеррор операциясини муваффақиятли якунлашган.
Ўзбекистон Мудофаа вазири Абдусалом Азизов машғулотларда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган бир гуруҳ тожикистонлик ҳарбийларни вазирликнинг "Жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун" кўкрак нишонлари билан тақдирлаган.
Ўз навбатида ўзбекистонлик илғор ҳарбий хизматчилар Тожикистон мудофаа вазири томонидан рағбатлантирилган.
"Ҳамкорликдаги жанговар операцияларнинг асосий қисмини Ўзбекистон ва Тожикистон мудофаа вазирлари кузатиб боришди. Уч кун давом этган амалий машғулотлар икки мамлакат ўртасида ҳарбий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, чегара ҳудудларида хавфсизликни кучайтиришга, ҳарбий хизматчиларнинг амалий кўникмаларини оширишга хизмат қилди", - деди Спутник мухбирига матбуот-хизмати вакили.