Ана холос! Қирғизистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси бошқа давлатдан сиёсий бошпана сўради
Қирғизистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Қиличбек Султон ўз давлати ҳукуматига ишончсизлик билдириб, бошқа давлатларнинг биридан сиёсий бошпана берилишини сўраган. Бу ҳақда Қирғизистоннинг “24” ахборот агентлиги маълум қилди.
Элчининг ижтимоий тармоқлардан бирида ёзишича, у айни вақтда оиласи билан Жанубий Кореяда қолмоқда, бироқ сиёсий бошпана сўраган. “Менда на ҳокимиятга, на президентга бир томчи ишонч бор, мен Қирғизистондаги бундай ҳокимиятни тан олмайман. Биз прокуратура ҳам, миллий хавфсизлик қўмитаси ҳам ҳокимият қўлида эканлигини биламиз, мен Қирғизистонга қайтмайман”, деб айтган Султон. У қайси давлатдан бошпана сўраганини айтишдан бош тортган.
24 сентябрда Султон Бишкекдаги матбуот анжуманда чиқиш қилиб, Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятини кўплаб қоидабузарликларда айблаган. Султоннинг таъкидлашича, у Малайзияда элчи бўлиб ишлаганда, элчихонада қонунбузарликлар ва коррупция ҳолатларини аниқлаган. Ўшанда дипломат ушбу қонунбузарликлар ҳақида ҳукуматга маълум қилган, текширув ўтказилган, бироқ жиноий иш қўзғатилмаган. Кейинроқ Султон текширувлар давом эттирилишини талаб қилиб, президент билан учрашишга уринган. “Коррупцияга алоқадор одамлар ҳали ҳам ташқи ишлар вазирлигида ишлашмоқда”, деб айтган Султон.
Ушбу можаро ортида Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев 12 октябрда истеъфога чиқишга қарор қилган, унинг истеъфоси президент томонидан қабул қилинган. Шунингдек, Қирғизистон президенти Султоннинг Жанубий Кореядаги элчи лавозимидан озод этиш ҳақидаги фармонни имзолаган. Султоннинг ўз лавозимидан озод этилиши сабаблари келтирилмаган, бироқ аввалроқ унинг ўзи истеъфога чиқишини сўраганини маълум қилган.