Қирғизистон Ўзбек миллий маданий маркази раҳбари Қодиржон Ботиров вафот этди
Қирғизистон парламентининг собиқ депутати ва Қирғизистонда миллий тўқнашувларда халқни гиж-гижлашда омил ҳисобланган Қодиржон Ботиров Украинада вафот этди
Қирғиз ҳукумати Қодиржон Ботировни 2010 йил июнида Жалолободда юз берган қонли тўқнашувларнинг ташкилотчиларидан бири сифатида айблайди. Қодиржон Ботиров 2010 йил 7 апрель инқилобидан сўнг ҳокимиятга келган муваққат ҳукуматни қўллаб - қувватлаган эди.
Ўзбек миллий-маданий маркази президенти бўлган Қодиржон Ботиров иккинчи қирғиз инқилоби чоғида Жалолободнинг муваққат ҳукумат томонига ўтишига ҳисса қўшган.
Кейинроқ, мамлакатда вазият таранглашгач, хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлди. Қирғизистон муваққат ҳукумати 500 нафарга яқин одамнинг ўлимига сабаб бўлган Ўш воқеаларини уюштиришда Қодиржон Ботировни айблаганди.
Кейинчалик Қирғизистон суди ҳукми билан у сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Қодиржон Ботировнинг мулки 2011 йилда суд ҳукми билан давлат тасарруфига ўтказилган.
Ҳужжатларга асосан ўшанда Қодиржон Ботиров ва унинг турмуш ўртоғи Каромат Ботировага тегишли 28 объект ҳибс этилган. Яқинларидан бирига кўра, Қодиржон Ботиров корхона ва мол-мулкини идора қилиш учун Украинага борган бўлган.
Қодиржон Ботиров бир неча йил муқаддам Швецияда сиёсий бошпана олган эди.
Украинанинг Одесса вилоятида 4 декабрь куни 62 ёшида вафот этган Қирғизистондаги ўзбек миллий маданий марказининг собиқ лидерларидан бири, йирик тадбиркор Қодиржон Ботиров туғилиб ўсган юрти Жалолободда дафн этилмайдиган бўлди.