Кобул Душанбега “Жамоати Ансоруллоҳ” гуруҳи собиқ қўмондонининг ўғлини топширди
(last modified Tue, 15 Jan 2019 12:05:53 GMT )
Январ 15, 2019 17:05 Asia/Tashkent
  • “Жамоати Ансоруллоҳ” жанггари гуруҳининг собиқ қўмондони Амриддин Табаров.
    “Жамоати Ансоруллоҳ” жанггари гуруҳининг собиқ қўмондони Амриддин Табаров.

Афғонистон ҳукумати Тожикистонга “Жамоати Ансоруллоҳ” жангари гуруҳининг собиқ қўмондони Амриддин Табаровнинг ўғли Саиджалолиддин Табаровни экстрадиция қилди.

Бу ҳақда 14 январь куни Озодлик радиоси тожик хизматига Тожикистоннинг Афғонистондаги элчиси Шарофиддин Имомов маълум қилди. Унга кўра, Кобул Тожикистонга Табаров билан биргаликда гуруҳнинг асирга олинган 4 нафар жанггарисини ҳам топширган.

Шарофиддин Имомовнинг айтишича, ўтган йили Афғонистон Душанбега экстремистик ташкилотларга аъзо бўлган 40 нафар тожикистонликни экстрадиция қилган эди.

“Жамоати Ансоруллоҳ” гуруҳига тожик жанггарилари томонидан асос солинган бўлиб, у 1990 йилларда Покистон ҳудудида шаклланган.

Гуруҳ кейинроқ Афғонистонга кўчиб ўтган ва унга “Домулло Амриддин” таҳаллусига эга бўлган Амриддин Табаров қўмондонлик қилган. У 2016 йилда ўлдирилган.

Амриддин Табаровнинг Саиджалолиддин ва Абтуфаттоҳ исмли ўғиллари 2009 йилда Афғонистонда АҚШ ҳарбийлари томонидан қўлга олинган эди. Ўшандан бери улар Бағромдаги ҳарбий база қамоқхонасида сақланган.

Табаровнинг иккинчи ўғли Тожикистонга нега экстрадиция қилинмагани ҳозирча номаълум.

Ёрлиқ