Қирғизистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар кескинлашмоқда
Бишкекдаги Туркиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Женгиз Комил Фирот Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.
Турк томонига 5 июнь куни Фиротнинг Орок қишлоғига боргани муносабати билан нота топширилган. Таъкидланишича, дипломатнинг ташрифи маҳаллий аҳоли ўртасида норозилик келтириб чиқарган.
Вазирлик элчини мамлакат ички ишларига аралашмаслик, вазминлик ва миллий қонунчиликка ҳурмат билан қарашга чақирди.
Ўз навбатида, Анқара Қирғизистоннинг Туркиядаги элчиси билан боғлиқ вазият юзасидан Бишкекка нота билан жавоб қайтарди. Бу ҳақда «Анадолу» хабар тарқатган.
Агентлик маълумотига кўра, 7 июнь куни Қирғизистон элчиси Кубаничбек Ўмуралиев Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган. Нота вазирнинг ёрдамчиси Седат Ўнал томонидан элчига топширилган.
Нотада айтилишича, элчи ўз вазифаларини бажарган ва Қирғизистоннинг ички ишларига аралашмаган. Маълумот ҳозирча тасдиқланмаган. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумот аниқлаштирилганидан кейин изоҳ беришини билдирди.