Ўзбекистон Қирғизистон билан 407 гектар ер алмашди, аҳоли нимадан норози?
Шу кунларда Қирғизистон ахборот воситаларда Ўш вилоятининг Аравон туманида 400 гектардан ошиқ ер Ўзбекистонга берилди деган маълумотлар тарқалмоқда. Ҳукумат эса ерлар ўзаро алмашилганини тушунтирмоқда. Ўзбекистон Бош вазири Қирғизистон билан ер алмаштирилмаслигини айтган эди.
Қирғизистонликлар тарафидан ижтимоий тармоқларда ёйинланаётган сурат ва видеоларда Аравон туманида Ўзбекистон билан чегаралари аниқланмаган баҳсли ҳудудда, қўшни давлат ҳарбийлари тиконли сим тортиб, чегарани аниқлаётгани акс этган. Бунга маҳаллий аҳоли норозилик билдириб, ўз ерларидан айрилиб қолаётганидан нолийди.
Ўш вилояти ҳокимлигининг маълумотига кўра, Аравон туманининг "Туя Бўйин" қишлоқ худудида жойлашган "Керкидон" сув ҳавзасининг атрофидаги Қирғизистонга қарашли 407 гектар ер, Ўзбекистоннинг айни туман билан чегарадош, Гулбаҳор қишлоғи яқинидаги ҳудди шундай катталикдаги ер билан алмашинилган.
Бу жой Кермет-Тоо қишлоғига қарашли Гулбаҳор қишлоғида, Ўш шаҳридан Аравон туманига кираверишида жойлашган. Йўлнинг ўнг тарафида Ўзбекистоннинг чегара симлари тортилган.
Ҳукумат маълум қилгандай, Ўзбекистон билан алмашинадиган ер ҳудуди, бу ердаги чегара симларини ортга суришга изн беради.
Ўш вилояти маъмуриятининг матбуот котиби Нуркиз Қадирбек қизи, ерларни алмаштириш қирғиз тарафнинг ташаббуси бўлгани, сўнги сўзлашувларда чегараларни делимитациялаш бўйича келишувларга эришилганини маълум қилди. Бироқ у келишувлар қачон қабул қилинганига ойдинлик киритгани йўқ.
Қирғиз расмийлари Ўзбекистон билан ерлар алшмашилганини, делимитация якунланиб, бирок демаркация ниҳоясига етмаганини тан олган, бироқ уларнинг иддаосига кўра, тарафлар тўла келишувга эришмагунча, қўшни давлат чегарага сим ва белгиларни қўйишга ҳуқуқи йўқ бўлган.
Ҳукумат сўнги сўзлашувлардан кейин Ўзбекистон чегарага сим тортишни вақтинчалик тўхтатганинин маълум қилди.
Бироқ маҳаллий аҳоли ҳукуматнинг бу маълумоти навбатдаги ўйин, демоқда.
Наргиза Абдукаримова расмийлар чегараларни аниқлашда аҳоли билан келишиб, иш қилиши кераклигини айтади.
"Ҳукумат қўшни давлатлар билан чегараларни аниқлаётганда биз билан маслаҳатлашиб, маълумотларни очиққа чиқарса яхши бўларди. Ўзаро келишиб олишадида, биз кейин, қачонки Ўзбекистон ҳарбийлари чегарага сим тортаётганда биламиз. Бизнинг ерларимиз уларга ўтиб кетади. Халқни норози қилмасдан, барчасини очиқ айтишсин дейди", суҳбатдошимиз.
Чегаралар деярли аниқланди
Жорий йилнинг август ойида Бишкекка расмий иш сафари билан келган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов қирғизистонлик ҳамкасби Муҳаммедкалий Абилгазиев, ҳамда давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков билан учрашганда икки давлат ер алмашмаслигини маълум қилганди.
Учрашувда расмийлар икки давлат орасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, чегара, энергетика, ҳудуд ва парламентлараро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.
Давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилиш бўйича тарафлар олиб бораётган ишлардан қаноатланганини айтиб, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудлари орасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадга мувофиқ бўлишини урғулаган эди.
Қирғизистон Бош вазири муовини Жениш Разақовнинг сўзларига кўра, қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш ишларининг 92 фоизи якунланган. Чегара чизиқларининг 85 фоизи юзасидан 2017 йилда ўзбек расмийлари билан келишувга эришилган. Ундан кейин яна 8 фоиз келишилган.
"Бугунги кунда 10га яқин ҳудудлар аниқланмай қолаяпти. Уларнинг аксарияти Жалолобод вилоятида. Музокалар олиб борилмоқда. Участкаларни ўзаро алмашинувни кўриб чиқмаймиз", - деган қирғиз расмийси.
Расмийлар икки давлат орасидаги қайси ҳудудлар бўйича келишувга эришилгани очиқланмади. Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида чегаралари аниқланмаган ҳудудларда вақти-вақти билан низолар келиб чиқиши кузатилади.
Ўтган йилнинг августида Қирғизистон ҳукуматининг Ўш вилоятидаги мухтор вакили Байиш Юсупов, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган "Барак" қирғиз қишлоғини қўшни давлатга бериб, унинг ўрнига улардан чегара олди ҳудудидан ер олишлик бўйича келишилганини маълум қилганди.
Бу маълумотни қишлоқ ҳокими Бурканбек Аширов ҳам тасдиқлаган. Бироқ Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашид эса бу ҳақда хабари йўқлигини айтган.
Шоҳруҳ Соипов,
Мустақил журналист, Қирғизистон