АҚШ, Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиё лойиҳаларига 1 млрд доллар ажратади
АҚШ, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари «Марказий Осиё инвестициявий шериклиги» ташаббусини йўлга қўйганини Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар берган.
Мазкур ташаббус орқали АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC), Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Қозоғистоннинг «Остона» Халқаро молия маркази томонидан Марказий Осиё ва минтақадаги хусусий сектор ўсишига ҳамда иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун беш йил ичида камида 1 миллиард доллар маблағларнинг жалб этилиши кутилмоқда деб хабар қилган Дарё сайти.
«Марказий Осиё инвестициявий шериклиги»нинг мақсади халқаро инфратузилма сифат стандартларига жавоб берадиган ҳамда инклюзив, шаффоф ва барқарор инвестициялар ҳажмининг ўсишига кўмаклашувчи хусусий сектор соҳасидаги лойиҳаларни илгари суришдан иборат бўлади.
Шундай қилиб, шериклар лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга ҳисса қўшади ва минтақага қўшимча хусусий инвестициялар кириб келишини фаоллаштиради.
«C5+1» платформаси орқали амалга оширилаётган ушбу ташаббус Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва ўсишини таъминлаш мақсадида савдо-сотиқни ошириш, комплекс ривожланишни рағбатлантиришга қаратилади. Минтақа COVID-19 пандемиясининг иқтисодий оқибатларини енгиб ўтишга интилар экан, бундай ҳамкорлик ва барқарорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз АҚШ давлати бошқа мамлакатлар айниқса Марказий Осиёда таъсрини кенгайтириш учун турли йўллардан фойдаланиб келмоқда.