Россия ва Тожикистон ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича умумий тизим яратади
Шойгунинг маълум қилишича, Россия мамлакат ҳарбий билим юртларида таҳсил олувчи тожикистонлик ҳарбий хизматчилар сонини оширишга тайёр.
Россия ва Тожикистон ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича умумий тизим ташкил этади, деди Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо билан Душанбеда бўлиб ўтган музокара чоғида. Бу ҳақда Интерфакс хабар бермоқда.
Шойгунинг сўзларига кўра, томонлар ҳаво маконидаги чегаралар ҳимоясини кучайтириш учун Россия ва Тожикистоннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича бирлашган минтақавий тизимини яратиш тўғрисидаги келишув лойиҳасини тайёрлаган.
"Учрашув якунида мазкур келишувни имзолашни таклиф қиламан", - деди у.
У шунингдек, Тожикистон мудофаа вазирлиги вакилларини халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференцияси, Халқаро ҳарбий-техника форуми ва Халқаро армия ўйинларига таклиф қилди.
Шойгунинг маълум қилишича, Россия мамлакат ҳарбий билим юртларида таҳсил олувчи тожикистонлик ҳарбий хизматчилар сонини оширишга тайёр.
Унинг қайд этишича, Россия Тожикистон қуролли кучлари салоҳиятини мустаҳкамлаш учун республикага қурол ва техника етказиб бермоқда, Россия ҳарбий олий ўқув юртларида Тожикистон армияси учун малакали кадрларни беғараз асосда тайёрлаб бермоқда.