Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг қўшма баёноти эълон қилинди
Президентлар Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан бири қўшни Афғонистондаги вазиятнинг тезроқ барқарорлашиши эканлигини қайд этди.
6 август куни Туркманистондаги «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислик қилган саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, шунингдек, БМТ бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Наталья Герман иштирок этди.
Учрашув якунлари бўйича Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг қўшма баёноти эълон қилинди.
Баёнотда президентлар минтақа давлатларининг «Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисида»ги шартномани амалга ошириш бўйича фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, томонлар Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан бири қўшни Афғонистондаги вазиятнинг тезроқ барқарорлашиши эканлигини қайд этди. Президентлар афғон жамиятида тинчлик ва келишувга эришилишига кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Улар барча манфаатдор давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш ҳамда унинг жаҳон хўжалик муносабатларига жалб этилишига қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашларини маълум қилди.
Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Авазада долзарб масалалар юзасидан қатор таклифларни илгари сургани хабар қилинган эди.