Жо Байденнинг гаплари ортидан Душанбедаги АҚШ элчиси Тожикистон ТИВ-ига чақиртирилди
АҚШ презиентининг сўзларидан кейирн Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ элчиси Жон Марк Поммершаймга норозилик нотасини топширди.
Тожикистон ТИВ га таяниб Дарё сайтининг хабар қилишича, АҚШ элчисига Жо Байденнинг Пенсильванияга ташрифи чоғида айтган гапларига жавобан норозилик нотаси топширилди. Нотада бундай баёнотлар дўстона муносабатлар ва шериклик руҳига мос келмаслиги қайд этилган.
Тожикистон АҚШ билан ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ҳурмат руҳида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор, — дейилади ТИВ хабарида.
Жо Байден 11 сентябрь куни Пенсильвания штатига ташрифи чоғида, Кобулдан одамларни эвакуация қилишда юз берган кўнгилсизликлар ҳақида гапирар экан, агар АҚШ ўз тарафдорларини Тожикистондан олиб чиқишга қарор қилганида, бу мамлакатда ҳам Афғонистондаги каби одамлар самолёт шассиларига осилиб олишини айтган.
«Масалан, агар биз Тожикистонда бўлганимизда ҳам, C-130 (ҳарбий транспорт самолёти)ни қўндирган бўлардик ва ҳар қандай ҳолатда биз билан ишлаган кишиларнинг барчасига ушбу самолётга чиқишга рухсат беришимизни айтардик, шунда шассига ёпишиб оладиган одамлар ҳам учрар эди», — дейди Байден.
«Толибон» ҳокимятга келгач, Афғонистондан АҚШ ва НАТО мамлакатлари фуқаролари, шунингдек, «Толибон»га қарши курашда Ғарбга ёрдам берган афғонистонликлар эвакуация қилинди. «Толибон» таъқибидан қўрққан минглаб афғонлар учиб кетишни истаган, 16 август куни эрталаб улар рейслардан бирортасига ўтириш учун учиш майдонига бостириб кирган ва ерда турган самолётларга осилиб чиқишга ҳаракат қилган.