Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари Афғонистон бўйича келишиб олди
(last modified Fri, 28 Jan 2022 11:20:20 GMT )
Январ 28, 2022 16:20 Asia/Tashkent
  • Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари Афғонистон бўйича келишиб олди
    Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари Афғонистон бўйича келишиб олди

Марказий Осиё ва Ҳиндистон етакчилари Афғонистондаги вазият бўйича қўшма гуруҳ тузишга келишиб олдилар.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ринт Сандҳо Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг виртуал саммитидан сўнг, йиғилиш иштирокчилари Афғонистон бўйича энг юқори даражадаги ишчи гуруҳ тузишга келишиб олганини айтди.

Виртуал учрашувнинг қўшма баёнотига кўра, иштирокчи давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазият ва унинг минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка таъсирини кўриб чиқдилар.

Иштирокчилар суверенитет, бирлик ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, Афғонистоннинг ички ишларига аралашмасликни таъкидлар экан, Афғонистонда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирдилар.

Афғонистонга фавқулодда гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш саммитда қабул қилинган яна бир қарор бўлди.

Баёнотда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2593-сонли резолюциясига таянган ҳолда, Афғонистон ҳудудидан бошпана, тайёргарлик кўриш, террорчилик ҳаракатларини режалаштириш ёки молиялаштириш учун фойдаланмаслик ҳамда барча террорчи гуруҳларга қарши биргаликда чора кўриш чақирилган.

Ню-Деҳли ташаббуси билан ўтказилган виртуал учрашувда пайшанба куни Ҳиндистон бош вазирлари, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари иштирок этди.