Тожикистон Роғун ГЭСини барпо этиш мақсадида Вахш дарёсини тўсиб қўйди
Тожикистон Роғун ГЭСини барпо этиш мақсадида Вахш дарёсини тўсиб қўйди
Тожикистон 29 сентябрдан дунёдаги энг баланд Роғун ГЭСнинг тошли-шағалли тўғонини барпо этишни бошлади. Қурилиш ишлари бошланиши учун Вахш дарёси тўсиб қўйилди.
Шу муносабат билан, Роғун гидроэлектрстанциясининг тўғонини қуриш ишларини бошлаш тантанали маросими бўлиб ўтган. Маросим, 29 октябрь куни Роғун шаҳрининг Вахш дарёси қирғоғида ташкил этилган. Тожикистон республикаси президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, қурилишга старт бериш тантанасида давлат раҳбари Эмомали Раҳмон, тожик ҳукумати вакиллари, парламент палаталари аъзолари, фан арбоблари ва ёшлар вакиллари қатнашган. Улар Вахш дарёси ўзанининг ўзгартирилишига гувоҳ бўлишган.
Роғун ГЭС Вахш дарёси бўйлаб барпо этилган навбатдаги тўққизинчи ГЭС каскади бўлади. У, Душанбе шаҳридан 110 км узоқликда жойлашган. Лойиҳага кўра, ГЭС ҳар бирининг қуввати 600 мВтни ташкил этувчи олтита агрегатдан иборат бўлади. Станция тош-шағал тўғонининг баландлиги 335 метрни ташкил этади. Бу дунёдаги энг баланд тўғон бўлиши кутилаяпти. Роғун ГЭС 3600 мВт (йилига 17 млрд. кВт/соатдан кўп) электр энергияси ишлаб чиқариш билан минтақада энг йирик ГЭС ҳисобланади.
Айни вақтда, иншоотни барпо этиш ишларига 15 минг киши ва 2,1 мингдан ортиқ техника жалб этилган.
Иш жадвалига кўра, Роғун ГЭСнинг биринчи агрегати 2018 йил охирида ишга тушиши керак. Иккинчи агрегати 2019 йил апрелида фойдаланишга топширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, минтақадаги бошқа давлатлар, хусусан Амударё қуйи қисмида жойлашган Туркманистон ҳукумати билан бирга мазкур ГЭСнинг қурилишига кескин норозилигини билдириб келади. Унинг ҳаддан ташқари баландликда, сейсмик фаол ҳудудда барпо этилаётгани Ўзбекистон жануби ва Туркманистон шарқий ҳудудларига жиддий хавф солиши мумкинлиги таъкидланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон аграр хўжаликлари эҳтиёжи учун зарур бўлган сув танқислигини келтириб чиқариши уқдирилади.