Туркманистон ҳукумати Ўзбекистонга газ экспортини тўхтатди
Туркманистон «Дарёлиқ» станцияси орқали Ўзбекистонга табиий газ экспортини тўхтатганини маълум қилди.
«Туркмангаз» давлат концернидан унга қарашли газ ишлаб чиқариш корхоналаридаги муаммолар ва «Дарёлиқ» орқали газ таъминоти тўхтатилгани ҳақида телефонограмма келиб тушган. Турли манбалардан олинган маълумотларга кўра, газ таъминоти тўхтатилишига «Галканиш» газ конденсати кони ичидаги коммуникацияларида гидрат ҳосил бўлиши сабаб бўлган. Бу кучли совуқларда содир бўлади ва форс-мажор ҳодисадир, деб тушунтирди мутахассислар.
Ўзбекистонга газ етказиб беришнинг тўхтатилиши билан бир қаторда Туркманистон юзага келган муаммолар туфайли Туркманистон—Ўзбекистон—Қозоғистон—Хитой газ қувурига табиий газ етказиб беришни сезиларли даражада қисқартиришга мажбур бўлди. Ўзбекистонда газ истеъмолини вақтинча тежаш режими жорий этилди. Икки давлат мутахассислари техник носозликларни бартараф этиш устида иш олиб бормоқда. Туркманистондан газ етказиб бериш яқин вақт ичида тикланиши кутилмоқда, дея хабар беради Газета сайти.
Декабрь ойида Ўзбекистон биринчи марта Туркманистон билан тўғридан-тўғри, учинчи томон иштирокисиз қисқа муддатли газ етказиб бериш бўйича шартнома тузди. Туркманистон томони Ўзбекистон билан узоқ муддатли, тўғридан-тўғри газ етказиб бериш соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга қатъий интилишини маълум қилди. 14 январь куни Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов музокаралар учун Ашхободга боргани айтилмоқда.