Ўзбекистон ТИВ раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясида нутқ сўзлади
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясида нутқ сўзлади.
Ўзбекистон ТИВ раҳари Телеграмм каналига таяниб Спутник сайтининг хабар қилишича, “Биз дунёнинг кўп нуқталарида нотинчликлар кучайиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Иқлим ўзгариши, камбағаллик, технологик номутаносиблик каби долзарб муаммоларни ҳал қилишда барчани яқинроқ глобал ҳамкорликка чақирамиз. Барқарор ривожланиш мақсадларига содиқлик ва Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда фаол иштирок этиш бизнинг асосий устувор вазифаларимиз бўлиб қолади”, — деб ёзади вазир.
Ўзбекистон қуйидагиларни таклиф қилди:
ривожланаётган давлатлар имкониятларини кенгайтириш мақсадида халқаро молия тизимини ислоҳ қилиш;
барча учун хавфсиз, фойдаланиш мумкин бўлган рақамли технологиялар билан таъминлаш;
иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича халқаро ҳамкорликни, айниқса Марказий Осиёнинг заиф минтақаларида кучайтириш;
аёллар ва ёшлар имкониятларини кенгайтириш;
терроризм ва коррупцияга қарши курашишда ҳаракатларимизни бирлаштириш;
Марказий Осиё ва ундан ташқарида транспорт коридорлари ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш;
Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқаролари учун ўқув марказини Глобал ўқув марказига айлантириш.
Эслатиб ўтамиз, август ойида БМТ Бош Ассамблеяси бир овоздан “Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш, дарахт экиш ва уларни тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими” резолюциясини қабул қилди.