Ўзбекистон президенти Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди
(last modified Tue, 01 Oct 2024 08:52:07 GMT )
октябр 01, 2024 13:52 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон президенти Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди
    Ўзбекистон президенти Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассанини қабул қилди.

Аниқ сайтига кўра, Жаҳон банки гуруҳи билан стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ушбу етакчи халқаро молия институти томонидан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбатда Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорлик бугунги юксак даражага етгани ва самарали тус олгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз банкнинг энг йирик ҳамкорлари қаторига кирди - лойиҳалар портфели бир неча баробар кўпайиб, ҳозирги кунда 12 миллиард доллардан ошди.

Жаҳон банки иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа барқарорлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашмоқда. Жорий йилнинг июль ойидан Тошкент шаҳрида банкнинг минтақавий ваколатхонаси фаолият бошлади.

Камбағалликка қарши курашиш, давлат корхоналари ва банкларини трансформация қилиш, карбонсизлаштириш, ЖСТга аъзо бўлишни қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишлар ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва урбанизация, энергетика ва ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш дастурларига, хусусий секторни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, минтақавий лойиҳаларни илгари суриш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ёрлиқ