Бугун Ўзбекистонда парламент сайловларида муддатидан олдин овоз бериш бошланди
(last modified Wed, 16 Oct 2024 08:35:11 GMT )
октябр 16, 2024 13:35 Asia/Tashkent
  • Бугун Ўзбекистонда парламент сайловларида муддатидан олдин овоз бериш бошланди
    Бугун Ўзбекистонда парламент сайловларида муддатидан олдин овоз бериш бошланди

Ўзбекистонда парламент сайловларида муддатидан олдин овоз бериш бошланди.

Ўзбекистон  Сайлов кодексига кўра, муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганда тугайди. Парламент сайловида муддатидан олдин овоз бериш 16-23 октябрь кунлари бўлиб ўтади.

Спутник сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон Сайлов кодексига мувофиқ, сайлов куни ўз яшаш жойида бўла олмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

МСК маълумотларига кўра, муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари участкаларда иш кунлари соат 9.00 дан 18.00 гача, дам олиш кунлари эса соат 11.00 дан 17.00 гача давом этади.

Хорижий давлатларда ташкил этилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш маҳаллий вақт билан соат 9.00 дан 18.00 гача ўтказилади.

Сайловга оид маълумотлар:

Парламент сайлови 27 октябрь куни бўлиб ўтади;

Номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 22 сентябрдан бошланган;

Ўзбекистонда парламент сайловлари илк бор аралаш мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилади;

Қонунчилик палатасидаги 150 ўриндан 75 депутат бир мандатли сайлов округлари бўйича, қолган 75 таси эса сиёсий партиялар учун берилган овозлар асосида ягона сайлов округи бўйича сайланади;

Бўлажак сайловда беш партия бир мандатли сайлов округлари бўйича 375 нафар, ягона сайлов округи бўйича кўрсатилган 500 нафар партия рўйхатига номзодини рўйхатга олди;

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 11 нафар ва маҳаллий Кенгашларга 605 нафар ногиронлиги бўлган шахслар депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинган;

Сайлов комиссиялари таркибида 1 343 нафар ногиронлиги бўлган шахслар фаолият кўрсатиб келмоқда;

830 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган сайловчиларга кўмак берувчи волонтёрлар бириктирилмоқда;

Сайловларни ўтказиш учун 10717 та сайлов участкаси ташкил этилган, улардан 56 таси 39 та давлатда, шу жумладан 7 таси Россияда;

Тошкентдаги 16-рақамдан 25-рақамгача бўлган сайлов участкаларида электрон овоз бериш имконияти яратилади.

Ўзбекистондаги парламент сайловларини МДҲ ПАдан 60 дан ортиқ кузатувчи кузатиб боради.

Ёрлиқ