Ўзбекистонда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти тарафдорлари қўлга олинди
(last modified Thu, 07 Nov 2024 10:28:14 GMT )
ноябр 07, 2024 15:28 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти тарафдорлари қўлга олинди
    Ўзбекистонда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти тарафдорлари қўлга олинди

Ўзбекистон ДХХ- Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Қўқон шаҳрида фаолият олиб борган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти тарафдорларидан иборат жамоат фош этилди.

Аниқ сайтининг хабар беришича, жамоатнинг 11 нафар аъзоси Қўқон шаҳри ҳамда Ўзбекистон туманида яшовчи, 1980-2000 йиллар оралиғида туғилган фуқаролар бўлиб, улар орасида фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятда менеджер, газ қуйиш шохобчасида бош механик бўлиб ишлаган, шунингдек, хусусий тадбиркорлик, ошпазлик, устачилик, киракашлик билан шуғулланган шахслар бор.

Энг ачинарлиси, жамоат аъзоларининг айримлари Сурияга ҳижрат қилиш масаласини ҳам муҳокама қилишган.

Бундан ташқари, улардан 2 нафари ўзаро тил бириктириб, ҳозирда Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти фаолиятида иштирок этиб келаётган қўқонлик Жасур исмли шахсга моддий ёрдам бериш мақсадида 2023 йилнинг июль ва август ойларида жами 3000 АҚШ доллари миқдорида пул маблағи юборишган.

Таъкидлаш лозимки, жамоат аъзолари ўз сафларини кенгайтириш учун йиғинларга бошқа фуқароларни ҳам жалб қилиб, уларнинг онгига экстремистик ғояларни сингдиришган.

«Телеграм» мессенжерида ташкил этилган гуруҳда ўзаро маълумотлар алмашиниб, навбатдаги йиғин вақти ва жойи эълон қилиб борилган.

Шунингдек, улар ҳар 15 кун, 1 ой ичида нима ишларни амалга оширганликлари бўйича гуруҳ етакчисига ҳисобот беришган.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг ҳукмига кўра, мазкур ноқонуний гуруҳ аъзолари тегишлилиги бўйича Жиноят кодексининг 155-3, 159, 244-1 ва 244-2-моддалари билан айбли деб топилиб, уларга нисбатан 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.