Жанубий Кореядаги Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилди
-
Жанубий Кореядаги Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилди
Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши ортидан ушбу мамлакатда бўлиб турган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди.
Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонасига таяниб Қалампир сайти бу ҳақда хабар қилган.
“Ҳурматли ватандошлар! Хабарингиз бор, 3 декабрь куни Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Бугунги кунда мамлакатда юзага келаётган ички сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда барчангиздан Жанубий Кореяда турли хил митинглар ва намойишларда иштирок этмасликка, одамлар гавжум жойларга бормасликка, ўзингизнинг шахсий хавфсизлигингиз ва соғлигингизни эҳтиёт қилишга чақириб қоламиз”, дейилади баёнотда.
Зарурат бўлган ҳолатда қуйидаги телефон рақамга мурожаат қилиш сўралган:
+82 10 3213 4505
+82 10 2909 4334
Аввалроқ Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль фавқулодда йиғилиш ўтказиб, мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилганини эълон қилганди. Бунинг ортидан мамлакатда парламент ва сиёсий партиялар фаолияти тўхтатилиб, қонунчилик органи биносига кириш ҳарбийлар томонидан тўсиб қўйилган.