Роғун ГЭСи неча йилда қуриб битказилиши маълум бўлди
(last modified Tue, 29 Nov 2016 07:34:31 GMT )
ноябр 29, 2016 12:34 Asia/Tashkent
  • Роғун ГЭСи неча йилда қуриб битказилиши маълум бўлди

Роғун ГЭСи неча йилда қуриб битказилиши маълум бўлди

Роғун ГЭСи қурилиши режа бўйича кетмоқда, дея баёнот қилишди Тожикистон энергетика соҳаси мутахассислари. "Гидролойиҳа институти" АЖ Бош раҳбарининг техник сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси Валентин Новоженин эса бу иш қанча муддатда амалга оширилишини айтди.

ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Дунёдаги ноёб иншоот — Роғун ГЭСини қуриб битказиш учун 8 йил талаб этилади, деб таъкидламоқда Новоженин.

"Собиқ Иттифоқ даврида Роғун ГЭСи қурилиши нима сабабдан охирига етказилмаган эди?", деган саволга эскперт қуйидагича жавоб қайтарди: "Роғун ГЭСи йирик гидротехник иншоот бўлиб, унинг қурилиши анча вақтни талаб этади. Узилишларсиз молиялаштириш орқали бу қурилишни 5-8 йилда охирига етказиш мумкин.

1991 йилда қурилиш ниҳоясига етказилмади, 1992 йилда эса Тожикистонда бу каби кенг кўламли лойиҳани якунига етказиш имконидан маҳрум қилган воқеалар авж олган эди". 

Эксперт, шунингдек, Роғун ГЭСи қурилиши атроф-муҳитга зарар етказиши, Ўзбекистонда сув сатҳига таъсир кўрсатиши ҳақидаги гап-сўзлар қанчалик ҳақиқатга яқинлигига изоҳ берди.

"Шуни чуқур англаб етиш лозимки, Тожикистон ҳукумати ташаббуси билан Роғун ГЭСи лойиҳаси ва унинг параметрлари Бутунжаҳон Банки томонидан амалга оширилган Халқаро экспертизалар давомида мутахассислар томонидан таҳлил қилинган. Экспертиза натижаларига кўра, мустаҳкамлик жиҳатдан ҳам, Вахш ва Амударё дарёларидаги сув хўжалиги ҳолатига таъсири жиҳатдан ҳам ГЭС қурилишини амалга оширса бўлади, деган хулосага келинган", — деб таъкидлади Новоженин Спутник Тожикистон нашрига.