Ўзбекистон ва Туркманистон музокаралари ўтказилди
-
Ўзбекистон ва Туркманистон музокаралари ўтказилди
Ўзбекистон ва Турманистон товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказади.
Самарқандда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида бўлиб ўтган музокараларда маълум қилинди.
Спутник сайтининг Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, Ўзбекистон ва Туркманистон тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказишди.
Унда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
“Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Пойтахтларда савдо уйлари очилиб, юк ташиш ҳажми ошмоқда. Яқин йилларда товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, биргаликда "Шовот-Тошовуз" чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда.
“Жорий йилда Хива шаҳрида учинчи Ҳудудлар форумини ҳамда Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунларини ўтказишга келишиб олинди”, — дея қайд этилган хабарда.
Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари "Марказий Осиё плюс" форматидаги бўлажак саммитлар ва Тошкентда ўтказиладиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашишди.
“Давлатимиз раҳбари Туркманистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасида жорий йил декабрь ойида Ашхобод шаҳрида ўтказиладиган форум ва бошқа халқаро тадбирлар муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади”, — дея таъкидланган матбуот хизмати хабарида.
Учрашувда Ўзбекистон президенти Туркман халқининг миллий етакчисига унинг қаламига мансуб "Тафаккур гавҳари" китобининг ўзбек тилидаги нусхасини топширди.