Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясида нутқ сўзлади
https://parstoday.ir/uz/news/middle_asia-i97808-Шавкат_Мирзиёев_БМТ_Бош_Ассамблеясининг_сессиясида_нутқ_сўзлади
Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси умумсиёсий мунозараларида нутқ сўзлади.
(last modified 2025-09-24T15:12:19+00:00 )
сентябр 24, 2025 17:22 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясида нутқ сўзлади
    Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясида нутқ сўзлади

Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси умумсиёсий мунозараларида нутқ сўзлади.

Спутник сайтининг Ўзбекистон президенти матбуот  хизматига тяниб хабар қилишича,  БМТ Бош Ассамблеясининг сессия раиси Анналена Бербок бошчилигида ўтказилаётган мунозараларнинг биринчи кунида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва кўп аъзо давлатлар раҳбарлари қатнашмоқда.

Президент ўз нутқида мазкур йиғилиш шиддат билан ўзгараётган мураккаб глобал вазиятда ўтаётгани, бу эса Ташкилот фаолияти ва унинг келажагига янгича ёндашувлар билан қарашга чорлаётганини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев бош котиб энг оғир ва ўткир глобал масалаларни муроса билан ҳал этиш учун БМТни асосий платформа сифатида сақлаб қолишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади. “БМТ – 80” ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлади, Ўзбекистон Келажак учун пактга қатъий содиқлигини тасдиқлади.

Ўзбекистон етакчиси БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтиришга чақирди.

Мирзиёев Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнига батафсил тўхталди. Таъкидланганидек, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсати олиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришилгани таъкидланди.

Президент Афғонистондаги вазиятга тўхталди. Афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақирди.

Ўзбекистон ушбу мамлакатда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчи экани қайд этилди.

Президент Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

Ғазо сектори ҳақида гапирар экан, Мирзиёев ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирди.

"Биз БМТ резолюцияларига мувофиқ, “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдоримиз", – деди у юксак минбардан туриб.

Президент Украина муаммосини дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлади.

Хавфсизлик мавзуси давомида давлат раҳбари МО да Глобал аксилтеррор стратегиясини бажариш бўйича самарали ишларни қайд этди. БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда тузилган Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича Минтақавий Кенгашни Халқаро компетенциялар марказига айлантириш таклиф этилди.

Президент Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёрлигини билдирди.