Муҳаммад ЮСУФ: ОНАМГА
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i20890-Муҳаммад_ЮСУФ_ОНАМГА
Ўлса ўзи ўлар Сўзи ўлмайди, Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар. Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди, Юракка кўмилар асл шоирлар
(last modified 2018-08-22T17:51:22+00:00 )
июл 15, 2017 08:54 Asia/Tashkent
  • Муҳаммад ЮСУФ
    Муҳаммад ЮСУФ

Ўлса ўзи ўлар Сўзи ўлмайди, Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар. Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди, Юракка кўмилар асл шоирлар

 Оҳ, менинг ортимдан оввора онам,

Бир парча юраги минг пора онам.

Ҳар балони кўриб ёруғ дунёда,

Тошканни кўрмаган бечора онам,

Боланг бўлиб бир бор бошлаб келдимми,

Энди мен ҳам сенга ўғил бўлдимми!..

 

Гарчи бисотингда «байрам» сўзи йўқ,

Биламан, кутасан сандал тўла чўғ,

Менда юрак деганларин ўзи йўқ:

Мен совға бермаган қиз йўқ бу оқшом,

Сенга на гул бердим, на ширин калом,

Энди мен хам сенга ўғилми, онам?..

 

Дейсан: олисларда омон юрсанг бас,

Ёдингга тушсам гоҳ йўқлаб турсанг бас,

Болам, сенга ҳамма қилади ҳавас…

Ахир, менинг дардим Шеър эмас факат,

Мен машҳур шоирмас — машҳур бешафқат,

Энди мен хам сенга ўғилманми, айт?..

 

Шаънингга шеър битдим. У сени топсин,

Пойингга тиз чўкиб, қўлингни ўпсин.

Ундан ҳам улуғим борлигин кўрсин,

Мен учун ҳам азиз ҳолингни сўрсин,

Сенсиз ғариб кўнглим кўнгилми, онам,

Энди мен ҳам сенга ўғилми, онам!..