Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонга "Бу кунлар" романи учун жиноий иш очилди
(last modified Wed, 27 Sep 2017 15:26:51 GMT )
сентябр 27, 2017 20:26 Asia/Tashkent
  • Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
    Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Тошкент халқаро аэропортида ҳибсга олинган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахонов)га "Бу кунлар" романи учун жиноий иш очилган. Ёзувчига нисбатан жиноий иш очилганлиги яқинларининг у билан учрашганида маълум бўлган.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг Истанбулда истиқомат қилувчи ўғли Файзуллахон Отахоновнинг айтишича, дадасига у ёзган "Бу кунлар" асари сабаб жиноий иш очилган.

"Онам ва укам Яшнаобод туман ички ишлар бошқармасида сақланаётган дадам билан учрашган. Жиноий иш очилишига Вазирлар маҳкамаси қошидаги дин ишлари қўмитаси томонидан дадамнинг "Бу кунлар" китобига ёзиб берган экспертиза хулосаси сабаб бўлган", дейди Файзуллахон Отахонов.

Файзуллахон Отахоновнинг айтишича, 2016 йил август ойида ёзувчининг уйида тинтув ўтказилган. Бироқ ўша вақти унга нисбатан ҳеч қандай айбловлар олдинга сурилмаган.

 Чоршанба куни тонгда Истанбулдан Тошкентга учиб борган таниқли ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахонов) Тошкент аэропортида ҳибсга олинган.

Бу ҳақда "Рейтерс" ахборот агентлиги адибнинг аёли Гулнора Отахоновага таяниб хабар тарқатди.

Унинг сўзларига кўра, милиция ходимлари паспорт текширувидан ўтиш чоғида ёзувчининг қўлига кишан солган.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон Мусулмонлари диний идорасининг "Ҳидоят" журналига  раҳбарлик қилган.

"Бу кунлар" романида у Каримовнинг диний сиёсати, мусулмонлар ва сиёсий мухолифларга қарши репрессияларни қоралайди.

Ёрлиқ