Ота ӯз қизи ва неварасини бӯғизлаб ӯлдирди
5 октябрь куни эрталаб Андижон шаҳрининг Дехқонобод маҳалласида 59 яшар ота жаҳл устида қизи ва неварасини пичоқлаб ўлдирди ва ўз жонига қасд қилди.
5 октябрь эрталаб Андижоннинг Деҳқонобод маҳалласидаги хонадонда 28 яшар аёл ва унинг 9 яшар ўғли пичоқлаб ўлдирилди.
Қотилликни содир этганликда айбланаëтган марҳуманинг 59 яшар отаси ўз жонига қасд қилган¸ аммо ўлмай қолган.
“3 октябрь куни оилабоши отанинг йиғиб қўган пули йўқолиб қолган. Қизи “укам ўғирлади” деган. “Сен ўз укангни ўғрига чиқараяпсанми”, деб унинг бўғзига пичоқ тортган. Кейин шу ерда турган 9 ёшли неварасини ҳам пичоқлаб ўлдирган. Тергов гуруҳи қотиллик жойига етиб борганида аёл ва унинг ўғли қонга беланиб ўлик ҳолда ётган бўлган. Қотилликда гумон қилинаётган оилабоши чалажон аҳволда бўлган. У ўзини пичоқлаб, ўлдирмоқчи бўлган, ҳозир у оғир аҳволда касалхонада, – деди фожиа тафсилотларидан хабардор ҳуқуқ тизими мулозимларидан бири.
Андижон прокуратураси воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш” (98-модда) моддаси бўйича жиноий иш қўзғаган.
Ушбу жиноятни содир қилган шахсга беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.
Қотиллик рўй берган хонадон қўшниларидан бирининг айтишича, бўғизлаб ўлдирилган она ва бола 5 октябрь куни тушдан кейин “Ойшахоним” қабристонида ёнма-ён дафн этилган.
“Бу қотиллик бутун Андижонни ларзага келтирди. Уларнинг жанозаси бугун бўлди. “Ойшахоним” кабристонига ёнма-ён дафн этиб келдик. Ота касалхонада, айтишларича, ўзини-ўзи пичоқлаган, оғир аҳволда ётибди”¸ деди қотиллик рўй берган хонадоннинг қўшниси.
Бу суҳбатдошга кўра¸ ўлдирилган аëл битта фарзанди билан ишсиз отасиникида яшаб юрган¸ унинг ўзи ҳам ишсиз бўлган.