Онажонларингиз олдига шошинглар, азизлар!
(last modified Sun, 08 Oct 2017 08:27:49 GMT )
октябр 08, 2017 13:27 Asia/Tashkent
  • Муҳаммад ИСМОИЛ
    Муҳаммад ИСМОИЛ

Кўзимдан ёш тўхтамаяпти. Ҳозир Ховосга онамнинг ёнига бориш учун йўлга тушдим.

 Бугун тонгда бир ҳикоя эшитдим: -Бир хонадонда оғир фалокат юз бериб, оила бошлиғи оламдан ўтибди. Болалар боқувчисиз қолибди. Она иш ахтарибди, ахтарибди аммо ҳеч тополмабди. Болалар ҳали мурғак, ҳаммаси ейман, ичаман деган ёшда экан. Она охири бир иш топибди. Аммо бу аёллар қилмайдиган оғир иш экан. Она барибир рози бўлибди. Бу кимнингдир иморатини кўтариш учун қилинадиган қурилиш ишлари экан, она ғишт кўтарибди, цемент қорибди, мих урибди, қийинчиликларга чидабди. Заҳматларга бардош қилибди. Аммо уй эгаси жуда ҳам кам иш ҳақи берар, Она шунда ҳам бир сўз демай, ишлайверар экан.

Орадан йиллар ўтибди. Онанинг фарзандлари улғайибди. Айниқса бир ўғли топармон тутармон чиқибди. Ўша ўғил ўзига уй сотиб оладиган бўлибди. Уй оламан деб юрса, бир жойдан яхши иморат сотилишини дарагини эшитибди. Уй эгаси иморат нархини жуда баланд айтибди. Аммо бола барибир ўша уйни сотиб олибди. Савдо пишгандан сўнг уй эгаси, масхаралаб: – Жуда ҳам нодон бола экансан, бироз савдолашганингда, уйни нархини анча туширардим, ютқаздинг – дебди.

– Йўқ, амаки Сиз анча нарсани ютқаздингиз, агар бу уйни нархини яна баландроқ айтганингизда, барибир сотиб олар эдим, чунки бу уйни мени онам қурган. Мени онамни кўз ёшлари бу уйнинг ғиштларига қорилган, шунинг учун бу уй мен учун бебаҳодир, – деган экан.

Шу ҳикояни эшитдим-у, мени ҳам мана шундай заҳмат-у, уқубатлар билан катта қилган Зулайҳо хожи онам эсимга тушиб кетди. Кўзимдан ёш тўхтамаяпти. Ҳозир Ховосга онамнинг ёнига бориш учун йўлга тушдим.

Сизлар ҳам Онажонларингизни олдига шошинглар азизлар. Уларнинг олдидаги қарзларимиз ҳечқачон туганмасдир. Соғ бўлинглар!

Муҳаммад ИСМОИЛ

Ёрлиқ