Рамзан Қодиров Ўзбекистонда
(last modified Tue, 17 Oct 2017 05:38:25 GMT )
октябр 17, 2017 10:38 Asia/Tashkent
  • Рамзан Қодиров Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қабрини зиёрат қилди
    Рамзан Қодиров Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қабрини зиёрат қилди

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Ўзбекистонга икки кунлик ташриф билан келган.

Чеченистон раҳбарининг вебсайтидаги расмий ахборотга кўра, Рамзан Қодиров Ўзбекистонга илк ташрифини марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қабрини зиёрат қилишдан бошлаган.

Info.islom.uz сайти чоп этган суратларда Рамзан Қодиров Тошкентнинг "Кўкча" қабристонида дафн этилган Шайхнинг қабри устида тиловат қилаётгани   акс этган.

Чеченистон раҳбарининг расмий вебсайтида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Чеченистоннинг биринчи президенти ва Россия қаҳрамони Аҳмад Қодировнинг устози ҳамда яқин дўсти бўлгани таъкидланади.

Зиёрат чоғида Рамзан Қодировга Ўзбекистон ҳукуматининг юқори мартабали мулозимлари ҳамроҳлик қилган.

Расмий хабарда айтилишича, Рамзан Қодиров Президент Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашади ва икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.

Бу Чеченистон раҳбарининг Ўзбекистонга илк ташрифидир.

2015 йил мартида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафот этган пайт Рамзан Қодиров ҳамдардлик билдириш учун бир неча ўн кишилик ҳукумат ҳайъати ва ўзининг яқинларини йўллаганди.

Ўшанда Чеченистон раҳбарининг ташрифи президент Ислом Каримов томонидан исталмагани учун унинг ўзи Тошкентга келмагани айтилган.