Каримов хиёбонида "дангаса" муҳожирлар ишлаяпти (ВИДЕО)
(last modified Fri, 10 Nov 2017 17:07:27 GMT )
ноябр 10, 2017 22:07 Asia/Tashkent

Россия пойтахти Москвада Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкалини ўрнатиш ва унинг номи билан аталадиган хиёбонни безаш ишлари бормоқда.

Ҳайкал учун Ўзбекистоннинг Москвадаги элчилиги яқинидаги майдон ажратилган ва бу ҳудуд Ислом Каримов хиёбони деб аталмоқда.

Шу кунларда 6 нафар меҳнат муҳожири мазкур хиёбонни ободонлаштириш ишларида меҳнат қилмоқда. Улар орасида ўзбекистонлик уста Давлат Исмоилов ҳам бор.

 - Хиёбонга ўрнатилаётган ер ғиштлари эски, ноёб шакллар. Бунақасини Москвада кўрмайсиз. Билганлар учун бу жой Самарқанднинг Регистони сингари тарихий обидага айланаяпти, - дейди уста муҳожир.

У оиласи ва икки фарзандини устачилик ишлари ортидан таъминлайди.

Давлат ишлаётган қурилиш фирмаси Москвадаги хусусий ширкатга тегишли. Бош усталик қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Каримов хиёбонидаги меҳнати учун ойига 60 000 рубль (1000 доллар) маош олади. Аммо у иш ҳақидан кўра, марҳум президентнинг ҳайкали лойиҳасида иштирок этаётганидан фахрланаётганини билдирди.

- Тақдир менга шу ерга келиб Каримов хиёбонини обод қилишни насиб этганидан хурсандман. Қаровсиз майдонни ёрдамчиларим билан бирга ҳозирги ҳолатига келтирдик. Бизга фақат лойиҳани беришганди, ундан ҳам чиройли қилиб чиқаришга ҳаракат қилдик, - дейди Давлат Исмоилов.

 Москва раҳбарияти Россия пойтахтида Ислом Каримов ҳайкалини ўрнатишга 2016 йил декабрида қарор қилганди. 27 октябрь куни шаҳар мэри Сергей Собянин президент Каримов хотирасини абадийлаштириш мақсадидаги ҳайкалнинг 2019 йил 31 декабрига қадар ўрнатилиши ҳақидаги қарорни имзолади. Қарорда барча харажатлар, жумладан лойиҳалаштириш, ҳайкални ясатиш ва ўрнатиш, жойлаштириш Каримов номидаги жамоатчилик хайрия жамғармаси томонидан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Россиядаги Либерал-Демократик партияси аъзоси, сиёсатчи Георгий Городецкий эса Собянин қарорига қаршилик билдириб ижтимоий тармоқларда норозилик постлари ва Change.org. сайтида петиция ташкиллаштирди.

Бугунга келиб, Москвада Каримов ҳайкалининг ўрнатилишига қарши 7000 га яқин имзо тўпланган. 

                                                                                                                             BBC