"Ўзбекистонда ўқитувчиликдан Туркияда уй хизматкорлиги афзал"
(last modified Sun, 19 Nov 2017 07:42:04 GMT )
ноябр 19, 2017 12:42 Asia/Tashkent

Зебо опа ўз касбини қаттиқ севишини айтади. У касби сабаб турмуш ўртоғи билан ажрашишга мажбур бўлган, болалари билан ёлғиз қолган.

Ўзбекистонда бир неча 10 йил аниқ фанлардан дарс берган ўқитувчи 10 йилга яқин Туркиядаги бир оилада хизматкорлик қилмоқда. Исми ўзгартирилган Зебо опанинг Би-би-сига айтишича, ватанида ўқитувчи касби хор қилингани сабаб ўзга юртга иш излаб кетишга мажбур бўлганини айтади.

"Фарзандларим кичик вақти мактабдан топганим бир амаллаб етарди. Аммо улар катта бўлиши билан маошим етмай қолди. Ишхонадаги ноҳақликлар ҳаммаси бир бўлиб Ўзбекистонни тарк этишимга сабаб бўлди", дейди у.

Ҳозир Туркияда истиқомат қилаётган собиқ ўқитувчи бир оилада уй ишларини қилади ва топган пулларини фарзандларига юборади.

"Хизматкор бўлсам ҳам ҳозир ўзимни бахтли ва қадрли деб ҳисоблайман. Ўқитувчи бўлган вақтимда ўзим ишлаб топган пулни мажбуран директор айтган нарсаларга ўтказардим. Қадрим йўқ эди".

Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач хорижда юрган ўзбекистонликларни ўз чиқишларида бот-бот эслайдиган бўлди.

Президент мутахассисларга Ўзбекистонда етарли шароит яратилиши кераклиги ва улар қайтиши лозимлигини урғулади.

Ҳаттоки Нью Йоркка сафари давомида ўзбекистонликлар билан учрашиб уларни ўзи билан Ўзбекистонга олиб учишга тайёрлигини билдирди.

Собиқ ўқитувчи Зебо опа Ўзбекистонда ўқитувчилар ҳамон хорланаётгани сабаб ортга қайтмаслигини айтади.

У Ўзбекистонда ўқитувчиликдан кўра, Туркияда бировнинг уйида хизматкор бўлиб ишлаш афзалроқ эканлигини таъкидлайди.

Ёрлиқ