Тортиб олинган ўзбекистонлик бола онасига қайтарилмади
(last modified Thu, 23 Nov 2017 15:46:36 GMT )
ноябр 23, 2017 20:46 Asia/Tashkent
  • Рухшона Ўткирова
    Рухшона Ўткирова

Вояга етмаганлар ишлари бўйича Москва область, Клин шаҳар комиссияси бухоролик Феруза Ўткировадан тортиб олинган унинг 6 яшар қизи Рухшонани қайтариб бермаслик тўғрисида қарор чиқарди. Комиссия хулосасига кўра, Ўткирова ўз қизини урган ва темир катакда сақлаган. Она ва унинг ҳимоячилари бу айбловни рад этмоқда.

Вояга етмаганлар масалалари бўйича комиссиянинг 22 ноябрда бўлиб ўтган йиғилишида полициячилар “бола танасида кўкарган излар борлиги” ва “акаси қизчани темир катакда сақлагани” аниқлангани важи билан уни онасига қайтариб бериш номувофиқ эканини билдирди.

 Боланинг онаси 40 ёшли Феруза Ўткирова “Согласие” маркази раҳбарияти боласини марказда олиб қолишга барча куч-ғайратини ишга солаётганини билдирди.

 - Болани яна 2-3 ҳафта олиб қоламиз деяпти. Мен билмадим, шок ҳолатидаман ҳозир. Улар “она-бола ўртасида муносабатлар таранг” деяпти: қанақасига таранг бўлади, агар шу 20 кун ичида мен боламни фақат 3 минут кўрган бўлсам?! – деди бухоролик аёл.

Йиғилишдан кейин боласини бориб кўришга рухсат олган Феруза боласи билан якка гаплаша олмагани – улар ёнида доимо психолог аёл тургани ва “Уйга кетасанми?” дея берган саволига “Бундай саволларни берманг!”, дея ҳар бир гапни назорат қилиб тургани ва фақат рус тилида суҳбатлашишни буюрганини айтди.

Бухоролик муҳожир аёл Рухшонада ҳақиқатан шу кунларда жиддий ўзгаришлар бўлгани, бола қўрқиб қолгани ва руҳан эзилаётганини ҳис этганини айтди.

 Вояга етмаганлар масалалари бўйича Клин шаҳар комиссиясининг Рухшона иши бўйича кейинги йиғилиши 2017 йилнинг 4 декабрига белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 3 ноябрида Москва вилоятининг Клин шаҳрида ўзбекистонлик муҳожир аёл, 4 фаррзанднинг онаси Феруза Ўткированинг ташқарига бир ўзи ўйнагани чиқиб кетган 6 яшар қизини полиция ходимлари олиб кетган эди.

Бухоролик Феруза Ўткирова 20 кундан буён болалар реабилитация марказида қолаётган қизини Россия давлати тортиб олиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

Ёрлиқ